Тожикистонда жиҳодга отланган 36 киши авф қилинди

13.11.2015
Тожикистон Ички ишлар вазирлиги Сурия жанг майдони ёки Туркия-Сурия чегарасидан мамлакатга қайтган 36 фуқаро жавобгарликдан озод этилганини маълум қилди. Юртига қайтганлар орасида эри ёки қаллиғи билан Сурияга кетган, бироқ йўлдоши ўлгач, жинсий тажовузга дучор бўлган аёл-қизларнинг борлиги айтилмоқда. Тожикистон ИИВдаги манбанинг Озодлик радиоси тожик хизматига билдиришича, жавобгарликдан озод қилинган “муҳтамал жиҳодчилар” милиция назорати остида бўладилар, бироқ улар оилалари ёнида яшашлари мумкин. “Рустамжон Далеров, Аъзам Хўжаев, Парвиз Набиев, Рустам Ҳаётов, Комил Шукуров, Аминаи Аҳмад, Жамолби Ҳомидова ва бошқалардан иборат жами 36 киши авф қилинди. Улар тушунмовчилик ёки алдов таъсирида Сурияга йўл олганлар. Уларнинг ҳаммаси қилган ишидан афсусдалар”, деди Тожикистон Ички ишлар вазирлигидаги Озодлик манбаси. Тожикистонга қайтган фуқаролар орасида эри ёки қаллиғи билан Сурияга кетган, бироқ йўлдошлари ўлганидан кейин жинсий тажовузга дучор бўлган аёллар ва қизлар борлиги айтилмоқда. Восеъ туманидан бўлган 18 ёшли Рустам Ҳаётов 2012 йилдан бери Туркияда таҳсил олиб келган, кейин эса “Исломий давлат” гуруҳига қўшилган. Тожикистон ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан тайёрланган ва давлат телевидениеси орқали намойиш қилинган лавҳада у жиҳодчиларни танқид қилади.

Похожие видео