Қурултой: Алламжонов салбий шарҳлардан Ўзини ҳимоя қилмоқчими ёки?.. HD
Ўзбек мулозимининг "шарҳлар учун пост қўйган блогер жавоб беради" деган гапи тармоқда қизғин муҳокамага сабаб бўлди. Бу мавзу Озодликнинг "Қурултой" эшиттиршида ҳам муҳокама қилинди. Дастурда таниқли журналист Алимардон Аннаев¸ сиëсатшунос Рафаэл Сатторов¸ блогер Искандар Македонский ва ижтимоий медиа бўйича эксперт Тўлқин Умаралиевлар қатнашди. Комил Алламжонов нима деди? Ўзбекистон президенти администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги директори Комил Алламжонов "ОАВ, блогерлар, ижтимоий тармоқлар ва мобил мессенжерлардаги гуруҳлар модераторлари нафақат ўзлари ёзган маълумотлар, балки улар остидаги фуқаролар фейк аккаунтлар ёки троллар томонидан ёзилаётган изоҳлар учун ҳам жавобгар"дир, деб баёнот берди. Агентлик раҳбарининг расмий баёноти унинг Facebookдаги расмий саҳифасида эълон қилинди. «Минг афсуски, улар орасида охирги пайтда ҳақоратли сўзлар, туҳматли гаплар, сўкинишлар, обрўсизлантирувчи фикрлар кескин кўпайиб бормоқда. Бундай изоҳлар, ўз навбатида, ҳар бир фуқарога салбий таъсир кўрсатиб, ёлғон маълумотлар шаклланиши, одамларимиз орасида турли миш-мишлар пайдо бўлишига олиб келмоқда. Энг ёмони буларнинг аксарияти бир гуруҳ троллар ёки фейк, яъни, сохта аккаунтлар томонидан уюштирилмоқда. Буларнинг ортида нима мақсад ётгани, бу гуруҳлар кимга қарашли экани катта савол туғдиради», деган Агентлик раҳбари. Комил Алламжоновнинг сўзларига кўра, “сўз эркинлиги - бу исталган нарсани қонунга хилоф равишда, ҳеч қандай масъулиятни ҳис қилмасдан айтавериш дегани эмас. Сўз эркинлиги бу аввало қонунга амал қилиш, айтилган ҳар бир сўз учун жавоб бера олиш масъулияти”. Бу эслатмадан кейин АОКА раҳбари журналистларга уларнинг “ қонун олдида жавобгар” эканлигини таъкидлар экан, дейди: “Ҳар бир журналист, блогер ОАВ орқали айтаётган гапи, бераётган маълумоти учун қонун олдида жавобгардир. Бу норма ривожланган давлатлар қонунчилигида ҳам, Ўзбекистон Республикасининг ахборот соҳасига оид қонунларида ҳам қатъий белгилаб қўйилган».