Янги чекловлар валюта "қора бозори"ни йўқ қилолмади HD
Ўзбекистонда хорижий валютани Марказий банк белгилаган нарх бўйича фақат халқаро тўлов карточкасига ўтказиш тартиби жорий этилганига қарамай мамлакатда "қора" валютафурушлик тўхтагани йўқ. Чет эл валютасига четдан мол олиб келиб сотадиган савдогарлар долларни одатдагидек "қора бозор"дан ҳарид қилаётганликларини айтишмоқда. Хитойдан мол олиб келиб, Тошкентнинг "Ипподром" бозоридаги дўконларида сотадиган тошкентлик тадбиркорлардан бирининг айтишича, Ўзбекистонда янги тартиб-қоиданинг жорий этилиши билан ҳеч нарса ўзгаргани йўқ. - Долларни аввал қўлда қандай сотиб олган бўлсак, ҳозир ҳам шундай сотиб оляпмиз, чунки банкда чеклов бор, кварталига икки минг дейди, карточкага хоҳлаганча тушириб бермайди. Лекин, тушириб берадиганини оламиз, қўлдан ҳам оламиз. Махсус одамларимиз бор, алмаштириб олиб келиб беришади. Бир -- икки кун олдин "қора бозор"да доллар озгина кўтарилиб олди. Ҳозир бир доллар 2850 сўм,- дейди тошкентлик тадбиркор.