Қишлоққа адашиб келиб қолган айиқ ўлдирилди - бутун вилоятда ухлатадиган дори топилмади HD

26.10.2019
Наманган вилоят, Чуст туман, Ғова қишлоғида 14 октябрь куни вазни 300 килолик қўнғир айиқ отиб ўлдирилди. Озодлик мухбири билан 24 октябрь куни гаплашган Чуст туман ҳокимлиги муовинига кўра “Қишлоқ аҳолиси ўзини мудофаа қилиш мақсадида айиқни ўлдирган ва уларга ҳокимликдан айиқни ўлдиринг деган буйруқ бўлмаган”. Ғова қишлоғида ўлдирилган айиқ Ўзбекистон бўйлаб бор-йўғи 250 тача бўлган, мамлакат "Қизил китоби"га киритилган қўнғир айиқларнинг (лотинча Ursus arctos isabellinus​) бири эди. Наманган овчи ва балиқчилар спорт бирлашмасининг Озодлик суҳбатлашган вакили “ярим кун давомида бутун вилоятда айиқни ухлатиб қўядиган восита топилмаганини, овчилар жанговар ўқ отиб, айиқни ўз ташаббуси билан ўлдирганини” айтди. Наманган вилоятида экотуризм билан шуғулланадиган фаол Марат Наумовнинг Озодликка айтишича¸ айиқнинг ўлдирилиши “Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси вилоят бошқармасининг бефарқлиги” фонида юз берган. Наумов ҳали айиқ ўлдирилмасидан олдин қўмитага ҳабар берганини айтди. Қўмитанинг вилоят бошқармаси вакили Орифхон Аюбхонов ва Чуст туман бўлими бошлиғи Ўктам Сатторовлар Озодлик мухбирининг “Нега айиқ ўлдирилишининг олдини ола олмадингиз” деган саволига малакали жавоб бера олмади. Марат Наумовга кўра¸ Ғова МФЙ раиси Шавкат Ҳошматов ИИБ, Фавқуллода холатлар бошқармаси ва туман ҳокимлигига телефон қилиб ёрдам сўраган. Наманган овчи ва балиқчилар спорт бирлашмаси раиси Анваржон Достоновнинг ëрдамчиси, Озодлик билан суҳбатда, ўз ташкилоти айиқнинг ўлдирилишига қарши бўлганини айтди: - Айиқ бир кун давомида омборга қамалиб турди. Раҳбаримиз Анваржон ака овчиларга айиқни ухлатиб, тоққа қўйиб юборинг ëки зоопаркка топширинг деб айтди. Аммо бутун вилоятда айиқни ухлатиб қўядиган махсус ўқ топилмади. Расман қайд қилинган “ИЖ” русумли 16 калибрли иккита милтиқ билан қуролланган икки овчи масъулиятни бўйнига олиб айиққа қарата уч ўқ узди. Овчи Мелиқўзи Ҳолматов отган ўқдан айиқ йиқилди. Айиқни қутқаролмаганимиздан афсусдамиз.

Похожие видео