Чиябўрилар уч кечада 22 қўйни бўғизлаб кетди HD
Фарғона вилояти Қувасой шаҳри аҳолисининг чорвасига ҳужум қилган шоқоллар тўдаси уч кун орасида 22та қўйни бўғизлаб кетди. Бу хабарни тасдиқлаган ҳокимлик мулозимига кўра, айни пайтда чиябўриларни отиш, уларни заҳарлаш тадбирлари кўриляпти. Шаҳар яқинидаги сойдан келаётгани тахмин қилинаётган чиябўрилар маҳаллага ярим тунда оралаётгани айтилади. Қувасой шаҳрининг Дўстлик маҳалласида сўнгги уч кунда уч хонадондаги 22та қўйни чиябўрилар бўғизлаб кетди. Озодлик манбаси берган бу хабарни тасдиқлаган Қувасой шаҳар ҳокимлигининг ўзини таништирмаган мулозимига кўра, чиябўрилар аҳоли чорвасига тунда ҳужум қилган: “Дўстлик маҳалласидаги бир одамнинг қўрасидаги 20 мартга ўтар кечаси 18та қўй томоғидан тишланиб, бўғизланган. Эртаси куни яна бир хонадондан учта қўй ва яна биридан битта қўй бўғизлаб кетилган”, деди мулозим. Унинг айтишича, бу воқеадан сўнг ҳокимлик зудлик билан чиябўриларга қарши курашишга оид тадбир белгилаган: “Бундай воқеа Қувасойда биринчи марта содир бўляпти. Илгари ҳам шоқоллар ҳар замон маҳаллаларга бир оралаб қўйганини, товуқ ва жўжаларни олиб кетганини одамлар айтишади. Лекин 18 қўйни бирданига бўғизлаши биринчи бор содир бўлмоқда. Шунинг учун ҳам шошилинч чора-тадбирлар белгиланди. Биринчидан, милицияга тезда овчилар гуруҳини тузиб, шоқолларни отишга топшириқ берилди. Иккинчидан, шаҳар Санитария эпидемиология марказига шоқолларни заҳарлайдиган дори тайёрлаб, улар пайдо бўлиш эҳтимоли бўлган жойларга ташлаб чиқиш топширилди”, деди ҳокимлик мулозими.