Алишер Усмонов "ҳотамтой"ликда ҳам Россияда биринчи HD
Бир неча йилдан бери Россиянинг энг бадавлат шахси мақомини сақлаб келаëтган асли наманганлик миллиардер Алишер Усмонов хайрия ишларига энг кўп пул бераëтган россиялик олигархлар рўйхатида ҳам биринчи деб топилди. Алишер Усмонов -- спорт, санъат ва фан ҳомийси Forbes журнали эълон қилган "Россиялик меценатлар" рўйхатига кирган 50 нафар энг бадавлат россиялик 2012 йилнинг ўзида хайрия ишларига 390 миллион доллар сарфлаган. Бу маблағнинг тенг ярми - 180 миллион доллари айнан ўзбекистонлик Алишер Усмоновга тегишли. "Металлоинвест" ширкати эгадоши, "Газпром инвестхолдинг" бош директори бўлган Усмонов "Қиличбозлик келажаги учун", "Санъат, фан ва спорт" жамғармаларини таъсис этган. У шунингдек, спорт, музей, театр, ижтимоий лойиҳалар ва оғир хасталикка учраган болаларга ёрдам бериш билан ҳам ном чиқарган. Ўзи ёшлигидан Тошкентда қиличбозлик билан жиддий шуғулланган тадбиркор "Спорт устаси" унвонига эга бўлиб, бирмунча вақт Совет Иттифоқи терма жамоаси сафида мусобақаларда иштирок этган. Ўша йилларда бадиий гимнастика билан шуғулланаётган рафиқаси Ирина Винер билан танишган. Бугунги кунда Россия қиличбозлик ва бадиий гимнастика федерациялари тўлиқ Алишер Усмонов ҳомийлигида фаолият юритмоқда. 2008 йилдан буён у Халқаро қиличбозлик федерацияси президенти ҳамдир.