Ўзбекистон: Тошкентда журналистни ўғирлашда милиция ёрдамлашдими? HD

13.06.2019
Сўнгги бир неча кун ичида ижтимоий тармоқларда гўё Зомин тумани ҳокимини танқид қилган журналист рақамсиз машинада ички ишлар ходимининг ёрдами билан Тошкентдан ўғирлаб кетилгани ҳақида хабарлар пайдо бўлди. "Куппа кундуз куни ўзим истиқомат қилаётган домнинг ҳовлисида рақамсиз машинада 2019 йилнинг 11 июн куни кеч соат 16:30 ларда ўғирлаб кетишди", дейди Малоҳат Эшонқулова. Танқидий чиқишлари билан машҳур мустақил журналист ва ҳуқуқ ҳимоячиси Малоҳат Эшонқулованинг айтишича, 11 июн куни уни иккинчи марта чақирув қоғози билан Чилонзор туман ИИБга чақиришади. Соат 16:00ларда журналистнинг уйига чақирув қоғозини олиб келган Чилонзор туман ИИБ Терроризм ва экстремизмга қарши курашиш бошқармаси ходими Ижодбек Турғунов Эшонқуловага бошқармага ҳозир бориши кераклигини айтади. Ва кўчада турган рақамсиз, оқ рангли машинага ўтиришни буюради. "Мен унга ишониб машинага ўтирдим, лекин унинг ўзи машинага ўтирмади. Ёнимга фуқаро кийимидаги барзанги йигит ўтирди-да, машинани тезлаштириб мени олиб қочиб кетди. Турғунов қаерда қолди, дедим. Гапиришмади. Шу ўғирлаб олиб борди", дейди журналист. Йўлда Эшонқуловага аввал уни Зоминга олиб кетаётганини айтишган, бироқ кейин Жиззах вилоят ички ишлар бошқармасига олиб боришаётганини маълум қилишган. Журналистни Жиззах вилоят Ички ишлар бошқармаси терговчиси Бобомурод Эркиновнинг олдига олиб киришган. Малоҳат Эшонқулова адвокатсиз гапиришдан бош тортган. Терговчининг хонасида бир ярим соат ушлаб туришганидан сўнг, Эшонқуловани 12 июн кунга чақирув қоғози бериб, адвокатингиз билан келинг, деб чиқариб юборишган. Журналистни ихтиёрига қарши Жиззахга олиб келган номаълум шахслар уни яна ўша рақамсиз машинада Жиззахдан Тошкентга қатнайдиган машиналар тураргоҳига олиб келиб қўйишган. Эшонқуловага кўра, кейин бу номаълум шахслар киракашга 40 минг сўм бериб, журналистни Тошкентдаги уйига элтиб қўйишни сўраган. "Бу ҳақиқий ўғрилик эди. Ё ўзбек тилида бунинг бошқа номи ҳам борми? Нима деб аташ мумкин. Терговчи айтади, биз сизни терговга чақирдик. Бобомурод, дедим сиз мени чақиртирмадингиз, сиз мени ўғирлаб олиб келтирдингиз. Унақа деманг сизни ҳеч ким ўғирлаб олиб келмади, дейди. Ўғирламаган бўлсангиз, чақирув қоғозингизни кўрсатинг, дедим". Би-би-си Жиззах вилоят ички ишлар бошқармаси терговчиси Бобомурод Эркинов билан боғланди. Эркинов Малоҳат Эшонқулова тергов қилинмагани, балки Жиззахга келган вақти унга 12 июнга чақирув қоғози берганини айтди. Аммо Эркинов нима сабабдан Эшонқулова рақамсиз машинада ўз ихтиёрига қарши ё Эшонқулова таъбирида "ўғирлаб" келтирилди, деган саволга жавоб бермади. 12 июн куни Жиззах вилоят Ички ишлар бошқармаси ўз веб саҳифасида журналист Малоҳат Эшонқуловага Youtube га жойлаган "Каримовнинг ҳукумати мухолифат фаолининг жонига қасд қилганди, Зомин ҳокими унинг номига қасд қилди...ми" номли материали юзасидан жиноий иш очилганини маълум қилди. Журналист суд ва ҳокимлик вакилларини оғир жиноят содир этишда айблаб туҳмат қилганликда ва уларни ҳақорат қилганликда айбланмоқда. Х

Похожие видео