Янги йил: Ўзган арча безатишдан воз кечди, Қадамжойда арча бузиб кетилди HD
Бишкек ва Ўш узоқ йиллардан бери қайси шаҳар энг гўзал ҳамда энг катта арча ясатади, деган маънода норасмий мусобақалашиб келаётганига қарамай, Қирғизистоннинг айрим шаҳарларида ҳокимлар Янги йил арчасини безатишдан воз кечди. Қадамжой шаҳрида ясалган арча эса номаълум одамлар томонидан бузиб кетилди. Қирғизистон пойтахти Бишкек ва жанубий пойтахт мақомига эга Ўш кўп йиллардан бери Янги йил байрамида ким энг гўзал ва баланд арчани ясатади, деб мусобақалашиб келади. Бу йил арчанинг баландлиги бўйича Ўш ғолиб келди, десак бўлади. Ўшда 30 метрли арча ясатилди. Бишкекда эса арчанинг узунлиги 25 метр бўлди. Бироқ арчанинг ясатилиши бўйича ғолиблик Бишкекка насиб қилди. Қирғизистоннинг икки йирик шаҳри ўртасидаги мусобақалашувга қарамай, мамлакатнинг айрим туманларида маҳаллий ҳокимиятлар арча безатишдан воз кечди. Жумладан, Ўш вилоятининг Ўзган шаҳрида уч йилдан бери Янги йилда арча ясатилмайди. -Биз Янги йил байрамида арча ясатмай қўйганимизга уч йил бўлди. Янги йил байрами бизнинг халқимизга мажбуран сингдирилган байрам эди ва бу байрам халқимиз орасида оммалашмади. Биз бу байрамни бизга бошқа миллат томонидан нишонлаш мажбур қилинган тадбир, деб ҳисоблаймиз, - деди Ўзган туман ҳокими Аттокур Тажибаев.