Намангандаги "Афсоналар водийси" паркида 18 ёшли қиз аттракционда ўлди HD

04.10.2019
Наманган шаҳридаги "Афсоналар водийси" паркида 18 ёшли қиз янги ўрнатилган аттракционда ҳалок бўлди. Гувоҳларнинг Озодликка айтишича, паркда назоратчи бўлиб ишлаган Эля Холиқова 30 сентябрь куни янги ўрнатилган "Spin block" аттракционида тест синови ўтказилаётган вақтда ҳалокатга учраган. Ўзбекистон Бош прокуратураси матбуот хизмати хабарида ҳалокат қизнинг эхтиётсизлиги туфайли юз бергани айтилган. "Синов тариқасида ҳаракатлантирилаётган аттракционга рухсатсиз чиқиб, ўзининг эҳтиётсизлиги оқибатида ушбу аттракционнинг темир труба қисмига урилиши натижасида олган тан жароҳати туфайли воқеа жойида вафот этган", - дейилади Бош прокуратура билдирувида. "Афсоналар водийси" боғининг Озодлик суҳбатлашган бир неча ходими Эля Холиқованинг қандай ҳалок бўлгани ҳақдаги саволлардан ўзларини олиб қочди. "Афсоналар водийси" парки ходимларидан бири эса 3 октябрь куни Озодлик билан суҳбатда қизнинг ўлимини "бахтсиз ҳодиса" дер экан, бунга унинг ўзи сабабчи бўлганини айтди: - Бахтсиз ҳодиса бўлди-да. Синаб кўрилаётган качеляга рухсат берилмаса ҳам ўтириб олди. 2001 йилда туғилган Эля Холиқова "Наманган Истиқлол боғи" МЧЖга қарашли бўлган кўнгилочар боғида 1 августдан бери назоратчи бўлиб ишлаб келган.

Похожие видео