"Вор в законе"га айланган иккинчи ўзбекистонлик HD
12 апрелда Истанбулнинг Фотиҳ тумани, Оқсарой мавзесида жиноят оламининг "юқори мартабали" ўнлаб вакиллари - "вор"ларнинг ёпиқ учрашуви – "сходка"сида ўзбекистонлик Ахтам Самаркандский лақабли Ахтам Ёқубовга "вор в законе" "унвони" берилди. Ахтам Самаркандский Бахти Ташкентский лақабли Бахтиëр Қудратиллаевдан кейин 22 йил ўтиб, "вор в законе" рутбасига лойиқ топилган иккинчи ўзбекистонликдир. Сходка тафсилотидан воқиф бўлган бир-биридан мустақил икки шахс: сходкага бевосита алоқадор криминал авторитет ҳамда жиноят оламига яқин россиялик тадбиркорнинг Озодликка аноним тарзда маълум қилишларича, унда қатнашган ўғрибошилар якдиллик билан жиноят оламининг самарқандлик вакилини "вор в законе" дея эътироф этганлар. ("вор в законе" - жиноятчилар орасида катта обрў-эътибор қозонган шахсга жиноят олами элитаси вакиллари томонидан бериладиган унвон. “Вор в законе” фақат собиқ Совет Иттифоқи ҳудудига тааллуқли воқеликдир – Озодлик изоҳи) 42 яшар Ахтам Ёқубов умрининг қарийб 17 йилини Бирлашган Араб Амирликларида панжара ортида ўтказган.