"Халқ банки" ходимлари мижозларга лотерея сотишга мажбурланаётганидан шикоят қилди HD

16.11.2018
"Халқ банки"нинг Тошкент шаҳридаги филиаллари ходимлари банк раҳбарияти уларни банк мижозларига лотерея сотишга мажбурлаётганидан шикоят қилишди. Озодликка боғланган банк ходимларига кўра, лотерея сотишдан бош тортганларга ишдан бўшатиш билан таҳдид қилинган. "Халқ банки" мутасаддилари Озодлик билан суҳбатда мажбурлаш ҳолати тақиқлангани, агар бу борада шикоят тушса, ўрганилишини таъкидлашди. “Халқ банки"нинг Тошкент шаҳрида жойлашган барча филиаллари номидан” дея Озодликка йўлланган мактубда банк ходимлари лотерея сотишга мажбурланаётгани ёзилган. “Бизнинг банкда умуман адолат йўқ. Сабаби: Ҳар куни ходимларга зулм ўтказилиб келинмоқда. Лотереяга режа қўйилган. Ҳар куни банкка келган ҳар бир мижозга тиламчига ўхшаб, ялиниб сотишимиз керак”. Озодликка боғланган банк ходимлари ишини йўқотиш хавфи остида исм-шарифларини очиқламасликни сўрашди. Уларнинг айтишича, раҳбарият қўйган планга кўра¸ битта банк филиалида бир кунда 200та лотерея сотилиши лозим. Бу режани бажариш учун банк ходимлари лотереяни кўчага чиқиб сотишга ҳам мажбур қолаётганликларини айтишади. “Ҳар куни совуқда ташқарида юриб, лотерея сотиб юрибмиз. Ҳар куни сотилмаган лотерея пулини ўз ҳисобимиздан тўлаб, қийналиб кетдик. Ҳалол ишлаб топган ойлик маошимизни фарзандларимизга тўлиқ олиб боришимизга ёрдам беринг”, дейди банк ходимлари. Банк ходимларига кўра, лотерея сотишдан бўйин товлаганлар ёки режани бажармаганларга ишдан ҳайдаш билан таҳдид қилинган.

Похожие видео