Тошкентда ўнлаб "жиноят олами" аъзолари ҳибсга олинди
Ўтган икки ҳафта ичида Тошкент шаҳрида халқ орасида “кўча авторитетлари” номи билан танилган бир неча шахс ва уларнинг 20га яқин сафдоши ушланди. Бу ҳақда Озодликка “жиноят олами”га яқин манба ва Тошкент шаҳар ички ишлар бошқармаси ходими бир-биридан мустақил равишда хабар қилди. Уларга кўра, ҳибсга олинганлар орасида Тошкент шаҳри “смотрящий”си (жиноят дунёсининг ҳудуд бўйича фавқулодда вакили) Аббос Ходжаев ҳам бор. 14 сентябрда ҳибсга олинган 33 яшар Аббос Ходжаев, Тошкент шаҳар Ички ишлар бошқармаси тарқатган хабарга кўра, 0,34 грам героин моддасини сотишга уринишда айбланмоқда. Тошкент ИИБ ходимининг айтишича, айни кунда Ўзбекистонда “вор в законе” рутбасига эга бўлган Бахти Ташкентский ва Бахти Янгиабадский номи билан танилган криминал авторитет Бахтиёр Қудратуллаев ҳам милиция бўлинмасида тўрт соат давомида сўроқ қилинган ва сўнгра қўйиб юборилган.