Бош прокуратура: "Қодировлар иши" терговида қийноқлар бўлмаган
Бош прокуратура "Қодиров иши" доирасида ҳибсга олинган мансабдор шахсларга нисбатан терговда қийноқлар бўлганига оид даъволарни рад этди. 18 апрель куни Озодлик собиқ Бош прокурор Рашитжон Қодиров ва унинг жиноий шериклари кўрилаëтган 12 собиқ мулозим устидан Жиноят ишлари бўйича Юнусобод судида ўтаётган ёпиқ маҳкамада судланувчилар терговда жисмоний ва руҳий қийноқларга тутилганини даъво қилгани ҳақида хабар қилганди. Бош прокуратура 21 апрель куни тарқатган баёнотда Рашитжон Қодиров ва бошқаларга нисбатан қўзғатилган жиноят иши бўйича тергов олиб борилгани ҳамда 13 нафар шахсга мансаб ваколатларини суиистеъмол қилиш, пора олиш, шунингдек, бошқа мансабдорлик ва иқтисодий жиноятларни содир этиш бўйича айб эълон қилингани айтилган. "Дастлабки тергов Жиноят-процессуал кодексининг қоидаларига қатъий амал қилган ҳолда олиб борилган, айбланувчиларга ва уларнинг яқин қариндошларига нисбатан ҳеч қандай қийноқлар ёки бошқа ноқонуний хатти-ҳаракатларга йўл қўйилмаган. Бош прокуратура У. Суннатов ва У. Хуррамовнинг тергов давомида уларга нисбатан қийноқлар қўлланганлиги тўғрисидаги важларига жавобан аниқ позициясини билдириб, юқоридаги кўрсатмалар ҳақиқатга мос келмаслигини қатъий таъкидлайди", дейилади баёнотда.