Бош прокуратура: Риштондаги кулоллар фаолияти "яқин кунларда тўлиқ тикланади" HD
Ўзбекистон Бош прокуратурасининг Озодликка айтишича, Риштон кулоллари фаолияти "яқин кунларда тўлиқ тикланади". Фарғона вилояти Риштон туманида 200 дан ортиқ кулолчилик цехлари газ йўқлиги ёки қимматлиги туфайли ишламаётгани ҳақида Озодлик 18 январь куни хабар қилганди. 21 январда Бош прокуратура томонидан мақолага берилган жавобда Риштон туманидаги "кулолчиларни қийнаётган муаммолар туман прокуратураси томонидан вилоят прокурори талаби асосида, масалага амалий тарзда ёндашган ҳолда ўрганиб чиқилгани" билдирилган. "Қиш мавсуми сабабли" Озодлик мақоласида ўзининг Сопол ва чинни идишлари билан танилган Риштондаги 225 та кулолчилик цехида мавжуд жами 450 та хумдон газ йўқлиги ёки жуда қимматлиги боис ишламаётгани ва натижада юзлаб усталар ишсиз қолгани хабар қилинган эди. Бош прокуратура баëнотида “қиш мавсуми сабабли” цехлардаги газ тармоқдан узилгани эътироф этилган. “Дастлаб масалани ўрганиш учун тузилган ишчи гуруҳи томонидан саноат зонасидаги кулолчиларнинг қатъий руйхати шакллантирилди ва жойга чиқилиб газ тармоғи ва мавсум билан боғлиқ бўлмаган кундалик муаммолари ўрганилди. Ўрганиш давомида 42 нафар кулолчиларнинг ҳақиқатда фаолият юритаётганлиги (электр энергияси билан) аниқланди,” дейилади Бош прокуратура йўллаган жавобда.