"М. Содиқ Муҳаммад Юсуф кўп китоб ёзаётган уламо"

15.09.2013
Сўнгги йилларда Ўзбекистонда, асосан шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфнинг китоблари чоп этилаётгани сабаби расман, бошқа муаллифларга чеклов мавжудлиги эмас балки шайх ҳазратларининг сермаҳсуллиги билан изоҳланди. "Ислом ва мусулмонлар" эшиттиришининг ушбу сони Ўзбекистонда шу кунларда чоп этилаётган диний адабиётлар сони, мазмуни ва сифатини ўрганишга қаратилди. Дастлаб, мамлакатда чоп этилажак диний адабиётлар учун учун махсус рухсати талаб қилинган идора -- Ўзбекистон Мусулмонлари идораси ҳузуридаги Экспертлар гуруҳи раҳбаридан олинган маълумотлар билан танишинг. "Бир йилда 20-30 номдаги диний китоб чоп этилади" Озодликка мунтазам интервюлар бериб келган уламо -- мусулмонлар идораси раиси ўринбосари шайх Абдулазиз Мансур Ўзбекистонда чоп этилажак диний китобларни кўздан кечирадиган экспертлар гуруҳининг раҳбаридир. Шайх ҳазратларига кўра, шу кунларда идорага тақдим этилаётган қўлёзмалар сони кўпайган. - Иш вақтимнинг 50 фоизи қўлёзмаларни кўриб чиқишга сафраланади, десам хато бўлмайди. Уларни мазмуни, имло хатоларини ҳам кўриб чиқамиз, таҳрир қилиб, ўзимизнинг соф ислом таълимотига мос бўлса, маъқуллаймиз. Агар 50 фоизга зид бўлса қайтариб ҳам юборамиз. Биз диний жиҳатини кўриб чиққандан кейин қўлёзмани Вазирлар Маҳкамаси қошидаги Дин ишлари бўйича қўмитага берамиз. Улар сиёсий, дунёқараш жиҳатдан, мантиқий, фалсафий жиҳатдан мазмунини кўриб чиқиб, хатолари бўлса тузатиб, агар умуман тўғри келмаса, рад этишга ҳам ҳақли, деди шайх Абдулазиз Мансур. Унга кўра, кейинги йилларда Ўзбекистонда йилига ўртача 20-30 номдаги диний адабиёт чоп этилмоқда. Аммо, уларнинг умумий адади ҳақида маълумот берилмади. Шунингдек, Ўзбекистонда китоб ёзаётган имомлар сони ҳам ортмоқда ва уларнинг кўпчилиги мамлакат ҳукуматининг сиёсатига эътиборлидир. Шайх ҳазратлари кейинги йилларда асосий эътибор тажрималардан кўра кўпроқ мамлакат ичкарисидаги шунақа муаллифлар ижодини кенгайтиришга қаратилганини урғулаб ўтди. - Таржималар аввал кўп эди. Ҳозир янги асарлар ҳам яратишяпти. Масалан, ўтган йиллардан бири "Оила йили" бўлгани учун кўп уламоларимиз ҳам оила мустаҳкамлиги, ота-оналарнинг вазифалари каби мавзуларда ёзишди. Мен ўзим бир нечасини кўриб берган эдим, деди Ўзбекистон Мусулмонлари идораси раиси ўринбосари шайх Абдулазиз Мансур.

Похожие видео