Хива ҳокими Чанг бозор савдогарларига компенсация масаласи бугун ҳал қилинишини айтди HD
Хиваликлар "Чанг бозор" деб атайдиган “Хива универсал савдо комплекси” 2018 йилнинг август-сентябрь ойларида бузиб ташланди. "Чанг бозор"да ишлаган тадбиркорларга бузилган дўконлари ўрнига ваъда қилинган ер ва компенсация тўловлари берилмаяпти. Чанг бозор ўрнида "Локомотив" парки қурилмоқда. Тадбиркорлардан олинган бу маълумотни Хива шаҳар ҳокими Собир Жуманиёзов тан олди ва бозорчиларга ер берилади ва компенсация масаласи 28 августда ижобий ҳал этилади, деб ишонтирди. Ўзбекистон президентининг 2017 йил 25 апрелдаги қарорига мувофиқ, Хива шаҳри буюм бозори ўрнида "Локомотив" истироҳат боғи қуриш тўғрисида келишилган ва Чанг бозор ерлари давлат ҳисобига ўтказилган. Чанг бозорда ишлаган, исми очиқланишидан чўчиётган тадбиркорлардан бирининг айтишича, у ишлаган бозор шаҳар четидаги Сангар маҳалласига, чанг босган майдонга кўчирилган: - Президент қарори билан қурилаётган “Локомотив” парки ўрнида бизнинг бозоримиз бўлган. Бузишгача 6 ой олдин қолганида келиб, дўконларимизни снос бўлади дейишди. Эски ҳоким муовини Улуғбек ва вилоят бозорлар уюшмаси раиси Шавкат Раззоқов “Ўрнига ер берилади!”, дейишди. Бу 2018 йилнинг баҳор бошларида бўлди. Бизларни эса Сангар маҳалласидаги контейнерларга, чанг майдонга чиқариб ташлашди.