Хивада Тош ҳовли саройининг девори ўзбошимчалик билан бузиб ташланди! Нега? HD
Ўзбекистонда сўнгги икки кунда 2та маданий мерос объекти билан боғлиқ нохуш хабарлар жамоатчиликда эътирозларни келтириб чиқарди. Маълум бўлишича, Хива шаҳридаги Тош ҳовли саройининг девори хусусий корхона томонидан бузилган. ЮНЕСКО рўйхатидаги саройда ўтказилаётган таъмирлаш ишлари учун Маданий мерос департаментидан рухсат олинмаган. Бошқа бир ҳолатда эса Марказий Осиёда антик даврнинг энг қадимий ёдгорликларидан бири – Сурхондарё вилоятидаги Кампиртепа қалъаси девори қулаб тушди. Маданий мерос департаменти девор қулашига кучли ёмғир сабаб бўлган бўлиши мумкинлигини билдирди. Академик Эдвард Ртвеладзе эса бу қасддан қилинганига ишонмоқда. Ҳар иккала ҳолат бўйича прокуратура текширув ўтказиши кутиляпти. Тош ҳовли: Бир йил олдин деразасига «Акфа» ўрнатилган тарихий сарой энди деворининг бир қисмидан айрилди Маданият вазирлигининг Маданий мерос департаменти маълумотига кўра, Тош ҳовли саройи 1832–38 йилларда қурилган бўлиб, 1997 йилда – Хива шаҳрининг 2500 йиллиги муносабати билан қисман таъмирланган. Таъмирни «Хоразм махсус илмий таъмирлаш ишлаб чиқариш» устахонаси олиб борган. Аниқланишича, саройнинг шарқий томонидаги девор қисми бузилишига сабаб – буюртмачи ташкилот «Ичан-Қалъа» давлат музей-қўриқхонаси бўлиб, «Сургут нефть строй» пудратчи хусусий корхонаси томонидан жорий йилнинг 8 декабрь куни девор тепа қисми бузилган. «Ичан-Қалъа» давлат музей-қўриқхонасида ҳар қандай таъмирлаш-тиклаш ишлари Департамент қошидаги Илмий-эксперт кенгаши хулосаси асосида бажарилиши ва ЮНEСКО билан келишиш зарурлиги аниқ белгиланган бўлса-да, лойиҳа кенгашга киритилмаган ва саройда таъмирлаш-тиклаш ишлари лойиҳасиз олиб борилган. Ҳозирда департамент ходимлари томонидан Тош ҳовли саройида таъмирлаш-тиклаш ишлари тўхтатилган. Ноқонуний олиб борилаётган таъмирлаш-тиклаш ишлари тўғрисида ҳуқуқ-тарғибот идораларига ҳужжат тайёрланмоқда. Эслатиб ўтамиз, бир йил олдин – 2019 йил декабрида Тош ҳовли саройи деразаларидан бирига «Акфа» алюмин роми ўрнатилган, жамоатчилик эътирозидан сўнг у олиб ташланган эди. Маданият вазирлиги иш прокуратурага оширилишини хабар қилганди. Текширув ўтказилганми-йўқми, номаълум: на прокуратура ва на Маданий мерос департаменти кейинчалик бу ҳақда маълумот бермади.