Ўзбекистон адлия тизимидан адолат топмаган собиқ ИИБ бошлиғи Дональд Трампга мактуб ëзди HD
Фарғона шаҳрида яшовчи 39 яшар собиқ ИИБ бошлиғи, “давлат сирларини ошкор қилишда” айбланиб қамалиб чиққан милиция майори Дилмурод Мадалиев АҚШ президенти Дональд Трампга 19 августда ёзган мактубида “ноҳақ жазога тортилганидан” арз қилди. Ўз мактубида собиқ милиционер¸ жорий йилда жазога тортилган прокуратура амалдорларининг қурбони бўлгани иддао қилган. Мадалиев АҚШ президентидан ўзи устидан чиқарилган суд ҳукми бекор қилиниб, номи оқланишига таъсир кўрсатишни сўраган. Озодлик билан суҳбатда Дилмурод Мадалиев АҚШ президентига бу мактубни ëзишдан олдин Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот органлари ва суд органларига "300 марта қилган мурожаатига жавоб ололмаганини" айтди. 2011 йил бошида Фарғона шаҳар ИИБ бошлиғи лавозимига тайинланган Мадалиев айни йилнинг май ойида Жиноят кодексининг 162- моддасида ("Давлат сирларини ошкор қилиш") назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбланиб ҳибсга олинган ва суд ҳукми билан 8 йилга озодликдан маҳрум қилинган эди. Мадалиев шу муддатдан 6 йилини ўтаб, озодликка чиқди. Озодликда нусхаси бўлган айблов хулосасида Мадалиев махфий хужжатларни ўз қўл остидаги ходимга изнсиз кўрсатганлиги айтилган. Бу ҳужжатларда қандай махфий маълумот борлиги айблов ҳужжатида келтирилмаган. Мадалиевнинг ўзи эса¸ Фарғона шаҳар ИИБ сида ҳеч қандай махфий ҳужжатлар бўлмагани ва бу айблов туҳмат эканлигини иддао қилди. Фарғона шаҳар ИИБ собиқ бошлиғи Озодликка ўзини прокуратура ходимлари қурбони ҳисоблашини айтди. Мадалиевга қарши айбловни илгари суриб, ИИБ бошлиғининг узоқ муддат қамалишини “таъминлаган” прокуратура ходимлари жорий йилда коррупция¸ порахўрлик ва хизмат вазифасини суиистеъмол қилганликда айбланиб жазога тортилган эди. Жорий йилнинг июнида Ўзбекистон прокуратураси собиқ амалдорлари - Улуғбек Суннатов 19 йилга, Улуғбек Хуррамов 14 йилга, Жамшид Файзиев 13 йилга, озодликдан маҳрум қилинган эди.