Хоразмлик фаолларнинг Маҳмуд Ражаб ҳимоясига намойиш ўтказиш аризаси рад қилинди
Бир гуруҳ фаолларнинг 13 август куни шоир Маҳмуд Ражаб ҳимоясига норозилик намойиши ўтказишни сўраб Хоразм вилоят ҳокимига, вилоят ИИБ ва вилоят телевидениесига берилган аризаси рад этилди. Фаоллар илгари Маҳмуд Ражабдан мусодара этилган мухолифатчи шоир ва сиёсатчи Муҳаммад Солиҳнинг китоблари, шунингдек ноутбук ва қўл телефонини қайтаришни талаб қилишмоқда. Маҳмуд Ражабнинг умр йўлдоши Гулчехра Бекмонова “Элтуз”га, у ўғиллари ва бошқа яқинлари билан токи шоирни, унинг ишини суриштираётган терговчи суҳбатга таклиф қилмагунча, тунни вилоят ИИБ биноси олдида ўтказишганини билдирди. “Аризамизга одатдагидек рад жавоби беришди. Эртаси куни терговчи Умрбек Йўлдошев мени қабул қилди. Икки соат гаплашди. Кўпроқ яхши ваъдалар берди. Мен ўз талабимда қолишимни айтдим”, деди “Элтуз”га 14 август куни ИИБ ходими қабулида бўлган Маҳмуд Ражаб. Гулчехра Бекмонованинг қўшимча қилишича, 13 август куни Ички Ишлар ходимлари Ички ишлар бўлими олдига келган фаолларни тасвирга олаётган блогер Нафосат Оллошукуровга босим кўрсатиб, унинг телефонини олиб қўйишга уринишган. Таҳдидлардан чўчиган Оллашукурова шу куни узини фэйсбук сахифасида Тошкентга кетишга мажбур бўлганини билдирган эди. Оллашукурова Фейсбук саҳифасига қўйган видеоларда, Маҳмуд Ражабни қўллаб қувватлаётган фаоллар билан мулоқотлар ҳам акс этган. Урганчлик 83 яшар “Эрк” Демократик партияси фаоли Ғойибназар Қўшжонов китобларнинг тақиқланишига қарши эканлигини айтади. “Тарихни эслайлик. Муҳаммад Солиҳ – Мустақиллик декларацияси муаллифи, миллий мустақилликни ҳимоя қилиб чиққан шахс. Бугунги кунда кутубхоналарда эски мафкура, Лениннинг китоблари ҳам турибди. Шуларнинг ўрнига Маҳмуд Ражаб келтирган китоблар қўйилса яхши эмасми?” дейди Қўшжонов тармоқда эълон қилинган видеода. “Чингиз Айтматов эътироф этган буюк классик ёзувчи Муҳаммад Солиҳ устидан хулоса чиқарган бу экспертларни мен ўрмонда юрган қуёнчаларга ўхшатаман. Бу қуёнчаларни айиқ нима қилишини ўзингиз яхши биласиз”, – дейди Маҳмуд Ражаб ҳимоясига чиққан яна бир фаол. Жорий йилнинг 10 май куни Маҳмуд Ражабнинг уйида тинтув ўтказган ИИБ ходимлари унинг ноутбуки, қўл телефони, шунингдек, Муҳаммад Солиҳ ва Муҳаммад Бекжон китобларини олиб кетишгани ҳақида “Элтуз” хабар берган эди. Жорий йилнинг 17 июлида чиқарилган 5876-5879/22-сонли экспертиза хужжатларига кўра, Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий Университети ходимлари И.Эргашев, А.Муҳаммадиева, М.Артиков, Б.Тўйчиев, Н.Абдуллаева, К.Мирзааҳмедов, А.Мусаев каби шахслар Муҳаммад Солиҳ китобларини қоралаб ҳулоса беришган. Хоразм вилоят ИИБ Тергов бошқармаси катта терговчиси У. А. Юлдашев эса экспертиза хулосасининг кўздан кечириш қисмидан норози бўлган Маҳмуд Ражабнинг илтимосномасини рад қилган.