Мирзиёев режани бажармаган фермерга қарши “Ойболта” кампаниясини бошлади HD
Ўзбекистон Бош вазири Шавкат Мирзиёев 12 октябрь кечқурун селектор йиғилишида ўзи туздирган “Ойболта” гуруҳи суст ишлаётганини танқид қилиб, маҳаллий ҳокимият ва куч ишлатар тизимларини фаолликка чақирган. “Ойболта” тадбирида пахта режасини бажармаган ёки давлатдан қарздор бўлиб қолган фермерларнинг мол-мулки Суд ижро департаменти, Адлия вазирлиги, ИИБ ва банк ходимлари томонидан рўйхатга олиниши ва қарздор фермернинг автоуловлари, чорваси мусодара қилиниши назарда тутилган. Ўзбекистон Бош вазири Шавкат Мирзиёев 12 октябрь куни ўтказган селектор йиғилишида асосий эътиборни пахта режаси бажарилишига ва қарздор фермерларнинг мол-мулкини мусодара қилишга қаратди. Ана шу селектор йиғилишида қатнашган наманганлик фермерлардан бирининг айтишича, Бош вазир “Ойболта” тадбири тўхтаб қолганини танқид қилган: “Бош вазир селектор орқали “Ойболта” тадбири бор эдику, ўшани эртадан ишга туширларинг”, деди. Бош вазир селекторда бу ишни республика суд-ижро департаментининг бошлиғига тайинлади: “Эртадан гуруҳингни туз, фермерни ерини тепасига борларинг, пахтангни режасини бажар, деб айт, кредитни тўлолмайдиган фермерни уйига бор, мошинасини олгин, молини олгин, бўлмаса томидаги шиферигача кўчириб олгин”, деб айтди Бош вазир, дейди фермер.