Фермерларга мажбуран сотилган дала ҳовлиларни қуриш ҳам уларнинг ўзига юкланди HD

22.08.2019
Андижон вилояти Хонобод шаҳридаги “дала ҳовли”ларни қуриш бу уйларни олишга мажбурланган фермерларнинг ўзига юкланди. Ўтган ой фермерлар қурилиши бошланмаган бу "дала ҳовли"ларни 45 миллион сўмдан сотиб олишга мажбурланган ва уларга битган уйнинг калитини топшириш ваъда қилинган эди. Аммо вилоят ҳокимлиги 19 августга келиб¸ бу қурилишга маблағ йўқлиги иддаоси билан¸ уни қуришни фермерларнинг ўзига топширган. 20 август куни Андижон вилояти ва тумани ҳокимлиги мулозимлари Озодликнинг бу хабар билан боғлиқ саволларига жавоб беришни истамади. Ҳокимият тазйиқидан қўрқиб 20 август куни Озодлик билан исми сир қолишини сўраб гаплашган андижонлик фермер, ўтган ой ўзларига мажбуран сотилган дала ҳовлини қуриш ҳам энди ўзларига буюрилганини хабар қилди. “Туман ҳокими буғдойдан яхши даромад кўрган фермерларни Хонободдан уй олишга мажбурлаган эди. Хонобод ҳаволи, яхши жой, дача бўлади, бориб дам олиб келасизлар, 45 миллион сўм ўтказсаларинг бўлди, қурувчилар ўзи “от и до” қуриб, калитини сизларга топширади, деб ҳоким айтган эди. Уйдан 50-60 километр узоқда бўлса ҳам, мажбурликдан олган эдик. Энди эса, буғдой пули ҳали тушмаяпти, қурилиш кеч қолаяпти, ўзларинг бориб қурилишга ёрдам беринглар, деб мажбурлаяпти”¸ дейди Озодлик суҳбатдоши. Исми сир қолишини сўраган бошқа бир фермернинг айтишича, Андижон туманидан қарийб ўттиз нафар фермер айни кунларда ўз ишини ташлаб, қурилиш материалларига пул бериш устига Хонободга қатнаб усталарга тушлик ва кечки овқат беришга ҳам мажбур қолган. “Биз ҳозиргача ўз ёнимиздан 20-25 миллиондан пул сарфлаб бўлдик. Икки миллион топамизми, уч миллионми, ўша ердаги прорабга олиб бориб бераяпмиз. У бу пулга шағал, ғишт, қум, цемент олиб қурилишни бир амаллаб қилаяпти. Ҳоким 15 сентябргача, битказишасан¸ деб мажбур қилаяпти. Усталарга овқат ҳам қилиб бераяпмиз. Ҳамма фермерлар ҳар куни Хонободда”, дейди бу фермер.

Похожие видео