Ўзбекистон фоҳиша аёлларни қандай йўқ қилмоқчи?
Тошкент милицияси пойтахтдаги фоҳишабозлик муаммосига ўзига хос ечим билан чиққан. Улар тошкентлик эркакларга мурожаат қилишган. Эркакларни фоҳишаларга бормасликка чақиришган. Маҳаллий кузатувчиларга кўра, бу каби воқеълик Ўзбекистон мустақиллиги тарихида деярли кузатилмаган. "Юртимиз эркакларини бундай хизматдан фойдаланмасликка чақирамиз, чунки талаб бор экан, таклиф ҳар доим бўлади. Саломатлик, хавфсизлик, самимий ҳис-туйғулар, муҳаббат ва оилани танланг", - дейилади, жумладан, Тошкент шаҳар Ички Ишлар Бошқармасининг билдиришномасида. Бошқарманинг пойтахт эркакларига нега бу каби чақириқ билан мурожаат қилгани сабаби маълум эмас. Аммо мазкур даъват уларнинг "Чилонзор-18 деразалари остидаги "капалаклар"га қарши кўрилган чора-тадбирлар ҳақида"ги билдиришномасидан жой олган. Маълум бўлишича, Чилонзор тумани 18 даҳасида яшовчи фуқаролардан оммавий ахборот воситаларига қилинган шикоят асосида 29 ноябрь куни тўрт нафар, 30 ноябр куни икки нафар қиз ушланган. Фуқаролар кўчадаги шовқин ва фоҳишалар устидан арз қилишган. Қоидабузарларга Ўзбекистон Маъмурий Кодексининг 190 ва 194-моддалари бўйича айблов қўйилган. Мазкур моддалар бўйича энг максимал жазо чораси - бўйинсўнмаслик учун маъмурий ҳибсга олиш экани ҳам билдирилган. Аммо бошқарманинг расмий веб саҳифасида кеча, 6 декабрь куни чоп қилинган бу билдиришнома аллақачон маҳаллий фаолларнинг танқид ва эътирозларига ҳам сабаб бўлиб улгурган. "Биласизми, яқиндагина фермерларнинг қасам ичиши ҳаммага қанчалик кулгули ва эриш туюлган бўлса, қанчалик мантиқчиз бўлса, бу ҳам ҳаммага худди шундай туюлди", - дейди Би-би-си Ўзбек Хизмати билан суҳбатида Тошкентдан таниқли зиёли ва фаол Дилором Исҳоқова. "Биринчидан, бу чақириқ билан эрта-индин ўша милиция ходимларининг янада кўпроқ пул ишлашларига йўл очилади. "Мана шундай чақириқ бор, ҳар куни қаранглар, югуринглар...". Улар эртага истаган одамларини худди шу масала билан ушлайди. Қўйворсак, унча пул оламиз, деб". "Ҳар куни кимдир нимадир иш қилиши керак, иш қилаётгани ҳақида ҳисобот берилиши керак, кимдир ўзини кўрсатган, ана шундай таклиф билан чиққан, холос", - дейди фаол ўз сўзларида давом этаркан. Суҳбатдошимизга кўра, масъуллар томонидан эркакларга қаратилган бу каби мурожаат ва чақириқларнинг ўрнига, Ўзбекистондаги фоҳишабозлик муаммосига комплекс ёндашув лозим. "Фоҳишабозликнинг кўлами қай даражада бўлишидан қатъиназар, чақириқ билан ҳеч нарсага эришиб бўлмаслиги бу - аниқ нарса", - дейди у. Сиз бу борада қандай фикрдасиз? Милиция томонидан янграётган бу каби даъватлар амалда иш берармикан? Фикрларингиз учун аввалдан раҳмат, азизлар!..