Uzbek Уйининг шиферини янгиламаганнинг томорқаси тортиб олинади HD
Самарқанд вилояти Каттақўрғон тумани Каттаминг қишлоғидаги иккита марказий кўчада яшовчи аҳоли уйларининг шиферларини янгилаш, деворларини оқлаш ва уй олдига 1,5 метрлик девор қуришга мажбурланмоқда. Ҳокимлик масъулларига кўра, бу "ободонлаштириш" Ўзбекистон мустақиллигининг 25 йиллигига "25 та кўча" тадбири доирасида амалга оширилмоқда. Каттаминг қишлоғида яшовчилардан бири Озодликка мурожаат қилиб, уйларининг шиферини янгилаш мажбурияти остида қолганликларидан шикоят қилди: “Бизга ҳокимиятдан буйруқ тушган. Эски шиферлар олиниб, ўрнига профнастил шиферларидан қўйиш керак ва 1,5 метр баландликда шлакоблокдан забор қилиниши ҳам керак эмиш. Бу фақатгина йўлнинг устида яшовчиларга тааллуқли экан. Биз йўлнинг устида турамиз. Ҳозир одамлар саросимага тушиб қолган. Нима қиларини билмаяпти. Ҳамманинг боши қотган”, дея ёзди каттаминглик йигит. Унинг айтишича, ҳокимлик топшириғини бажармаганларга томорқасини тортиб олиш билан таҳдид қилинмоқда. “Ҳокимиятдан одамлар келиб, шиферни алмаштирасан деб буйруқ берди ва дўқ-пўписа ҳам қилди. Ҳокимлик топшириғини рад этганларни “Агар алмаштирмасанг, томорқангдан фойдаланмайсан, биз уни сотамиз” деб қўрқитишди. Шиферни алмаштишга пули етмаганларнинг томорқасини мажбурлаб сотиб, пулига шифер қилиб бераяпти. Бу халққа жабр эмасми? Одамлар кўп изтироб чекаяпти”, дейди Озодлик билан микрофонсиз суҳбатда каттаминглик йигит.