Тарихий “Жўрабек” масжиди ўрнига Ислом Каримов номидаги “алюкобонд масжид” қурилди HD
Тошкентлик генерал Жўрабек тарафидан 1897 йили қурилган ва “Жўрабек “ масжиди дея тарихий ëдгорлик сифатида махсус рўйхатга тиркалиб, асраб келинаëтган масжидга Ўзбекистоннинг марҳум президенти номи берилгани ҳақида унинг кенжа қизи ЮНЕСКОдаги Ўзбекистон вакили Лола Каримова -Тиллаева хабар берди. Масжид таъмири ўзи ва эри тарафидан молияланганлигини ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида айтган мулозима “Ушбу масжидни қайта тиклаш ишларини бошлаган пайтимизда, унга раҳматли падари бузрукворимнинг номлари берилишини ҳаёлимизга ҳам келтирмаган эдик”, дея таъкидлайди. Лола Каримова-Тиллаеванинг Facebookдаги саҳифасида ëзишича¸ масжид унинг тадбиркор эри Тимур Тиллаев маблағи ҳисобига қайта тикланган: “Масжидни қайта тиклаш, савобли ишни бажариш бахтини мен ва турмуш ўртоғимга насиб айлагани учун меҳрибон Парвардигорга беадад шукроналар ва ҳамду-санолар айтаман”, дея таъкидлайди марҳум президентнинг кенжа қизи. Масжидни ким таъмир қилди¸ давлатми ëки тадбиркор? 2015 йилнинг баҳор ойида содир бўлган сирли ёнғин натижасида буткул вайрон бўлган масжид биноси “катта бой” пули эвазига таъмир қилинаëтгани ҳақидаги хабар жорий йил январида расман рад қилинган эди. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмитаси "Жўрабек" жоме масжиди атрофида тарқалган гап-сўзларга ойдинлик киритиб, "уни бойлар янгидан қуряпти" деган гапларни рад этган эди: “Нима эмиш, “Жўрабек” жоме масжидини фалон бойвачча ёки хориждаги фалончи бой қуряпти” деган мутлақо асоссиз хабарлар тарқатилмоқда. Бу гаплар аслият ва воқеликка бутунлай мос келмаслиги шундоқ кўриниб турибди. Чунки ҳамма кўриб турибди-ку, ушбу масжидни янгидан барпо этишга диний идора ташаббус қиляпти, Тошкент шаҳар ҳокимияти эса ер ажратиш ишларига амалий кўмак ва бунёдкорлик ишларига моддий ёрдам бермоқда”, дея таъкидланган эди вазирлик расмий саҳифасида жорий йилнинг 31 январида эълон қилинган баëнотда.