Шведлар Telia ширкатининг ўзбекларга пора берганидан шокда HD
Стокгольм судида Telia ширкати ва Гулнора Каримова ўртасидаги коррупция ишини кузатаётган SVT телеканали журналисти Элин Йоннссон "Элтуз" мухбири билан сухбатида швед жамияти бундай холатдан шокда эканини айтди. Швеция коррупцияга шаффофлиги билан ҳар йили Трансперенс Интернешнл ҳисоботидаги бешталикдан ўрин олиб келади, лекин энг йирик швед ширкатининг Гулнорага пора бергани швед жамиятини ларзага келтирди, обрўсини тўкди дейди Йоннсон. Шу йилнинг апрелида Ўзбекистонда бўлган Элин, ўзбекларнинг анча бахтиёр ва янги президентдан миннатдор кўрганини айтади. "Улар астойдил севишаяпти Мирзиёвни" дейди у. Элиннинг сўзларига кўра, ўзбеклардан фарқли швед жамияти ҳукумат раҳбарларини қатъий назоратида ушлашга интилади ва арзимаган ҳолат уларнинг амалдан ҳайдалишига сабаб бўлиши мумкин. "Улар оддий халқ хизматидаги мулозимлар. Агар яхши хизмат қилмаса уларни ҳайдаймиз, ўрнига яхшироқ одамларни қўямиз..." дейди Йонссон. Telia собиқ рахбарлари ҳам журналистларнинг фош қилувчи материалларидан сўнгги текширувлардан сўнг пора гумони остида юксак лавозимларидан ҳайдалишди. Телиа собиқ амалдорлари устидан Стокгольмда суд давом этаркан, судланувчиларнинг адвокатлари мобил ширкатига давлат лицензияси олишда кўмаклашгани айтиладиган бугунги Бош вазир Абдулла Ариповнинг судга чақирилишини исташмоқда.