Жосусликда айбланиб вайрон қилинган Эрдонов оиласи адолат кутмоқда

12.02.2020
Сурхондарёлик Абдуғани Эрдонов 62 ёшда. У шундан 7 йилини қамоқда ўтказмоқда. Тадбиркор ва беш фарзанднинг отаси Эрдонов Тожикистон фойдасига жосуслик қилишда айбланди. У қаттиқ қийноққа солишлари, бунинг оқибатида ўзига қарши кўрсатмалар бериши ҳақида ҳеч қачон ўйлаб ҳам кўрмаганди. Эрданов ишининг қайта кўриб чиқилишини сўраб илтимосномалар ёзмоқда. Кўзи кўр, қулоғи кар ўзбек судига ўзининг ноҳақ қамалганини билдиришга уринмоқда. Лекин унинг яна қанча вақт тутқунликда ўтиришини ҳеч ким билмайди. Эрдонов оиласига қарши жосусликка оид ишни тўқиб чиқарган собик Миллий хавфсизлик хизмати полковниги, собиқ МХХнинг Сурхондарё вилояти бошқармаси тергов бўлими собиқ бошлиғи Нодир Тўрақуловнинг ўзи 2018 йилда 16 йилга озодликдан маҳрум қилинди. У Жиноят кодексининг 11 та моддаси, жумладан, таъмагирлик, ўзлаштириш, порахўрлик, ҳужжатларни қалбакилаштириш, айбсизларни жавобгарликка тортиш, қийноқлар қўлаш, ҳокимият ваколатларини суистеъмол қилиш каби жиноятларда айбдор деб топилди. Аммо Тўрақулов ҳибсга олган, қийнаган, турли уйдирма айбловларни бўйнига қўйган кишилар ҳали ҳам турмаларда қолмоқда. Ўзбекистон суди бу “айбдор”ларни озод қилишга шошилмаяпти. Ўзбекистондаги оддий одамларнинг ҳаёти ва тақдири арзирли қийматга эга бўлмай қолганига анча бўлган. Ўғли билан бирга Шеробод туманидаги манзил колонияда ўтирган Абдуғани Эрдонов жорий йилнинг февраль ойида Сурхондарё вилояти жиноят ишлари судида бўлиб ўтадиган жараённи кутмоқда. Абдуғани Эрдонов ўзининг жиноят ишини диққат билан ўқиб чиқиб, унинг бошдан-оёқ уйдирмалигига, Нодир Тўрақулов бошчилигидаги тўда мазкур жосуслик иши бўйича ҳибсга олинган учта аёл иқрорлик кўрсатмаси олиш учун қўлланилган қийноқларга чидай олмай, ҳибсхонада вафот этганига эътибор қаратадиган судья топилишига умид қилмоқда. Абдуғани Эрданов «Элтуз»га ўзининг ҳибсга олинишига оид қайғули ёзувни юборди. Унда ўзининг шафқатсизликка қоришган ҳибсга олиниш тарихини батафсил баён этган. Қадрли тингловчилар, «Элтуз» ушбу тарихни сизга ҳавола этади.

Похожие видео