Жамол Камол: Қуръони карим маъносини ўзбеклар тушунишини истайман HD
Таниқли ўзбек шоири Жамол Камол Қуръони карим маъноларини ўзбек тилига шеърий тарзда ўгирди. Шоир Жалолиддин Румий маснавийларини 30 йил давомида форс тилидан таржима қилиш жараёнида Қуръони карим маъноларини ҳам шеърга солишга журъат топганини айтди. "Халқимиз бу улуғ калом мазмунидан хабардор бўлишини истайман", дейди шоир. Жамол Камол Ўзбекистонда илк бора амалга оширилаëтган Қуръони карим маъноларини ўзбек тилига шеърий таржима қилишга "Муфтий Бобохоновлар" жамғармаси Ҳомийлар кенгаши раиси Анвармирзо Ҳусаинов ундаганини айтади. Озодлик билан суҳбатда Жамол Камол Жалолиддин Румий маснавийларини форс тилидан ўзбек тилига таржима қилиш асносида Қуръони Карим маъноларини шеърга солишга журъат пайдо бўлганини айтди. - Фотиҳа сураси маъносини таржима қилиб Шайх Абдулазиз Мансур ҳазратларига кўрсатдим. У кишига маъқул бўлди. Шайхни қўллаб-қувватлаши билан таржима ишига киришдим, - дейди шоир Жамол Камол Озодлик билан суҳбатда. Суҳбатдошга кўра¸ диний маъракаларда Қуръони карим тиловат қилинган пайтда кўпчилик унинг мазмунини тушунмайди. - Халқимиз бу илоҳий калом маъноларини тушунсин деб бу ишга қўл урдим¸ - дейди суҳбатдош. Жамол Камолнинг айтишича, таржима ҳали китоб ҳолида чоп этилмаган. Қуръони карим маъноларининг ўзбек тилидаги шеърий таржимасини Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги дин ишлари идораси кўриб чиқмоқда. Агар бу идора изн берса, "Муфтий Бобохоновлар" жамғармаси бу китобни чоп этишга ҳозир. - Китоб ҳали босилиб чиқмасидан жуда кўп эътирозлар янграмоқда, Менинг уларга аввал китобни ўқиб кейин эътироз билдиринг, деган бўлар эдим.Бир нарсани айтай¸Ғазаншоҳ Ҳамроев деган Қуръоншунос йигит аслиятдан жумлама-жумла қараб менга ëрдам берди - дейди Ўзбекистон халқ шоири Жамол Камол.