Ўзини Самарқанднинг қамалган ҳокими қурбони ҳисоблаётган тадбиркор ИИБ қароридан норози HD
Самарқанд шаҳар ИИБ тергов бошқармаси 2 октябрь куни тадбиркор Жамшид Шомуродовга тегишли 15 миллиард сўмлик мулкни ҳужжатларни сохталаштириш йўли билан ўзлаштирганликда гумонланган “Гарант қурувчи сервис” жабрланувчининг зарарини қоплагани боис жиноят иши тўхтатилганини Озодликка билдирди. Тадбиркор Жамшид Шомуродов 2 октябрь куни Самарқанд шаҳар ИИБ Тергов бошқармасига бориб, ўз норозилигини билдирди: 17 та уйидан ажралган тадбиркор шу мол-мулкка мутаносиб товон берилишини талаб қилмоқда: Ўзини Наби Эгамбердиев деб таништирган терговчига кўра¸ “Гарант қурувчи сервис” ширкати жабрланувчи фойдасига 460 миллион сўм пул ўтказган. Пул Самарқанд шаҳар ИИБ депозит ҳисобида турибди. - Пул энг яқин муддатда даъвогар - Самарқанд шаҳар, Белинский кўчаси, 15- уйда яшовчи Жамид Шомуродов ҳисобига ўтказилади. Жиноят иши тергов бошқармаси тарафидан ЖПКнинг 364-моддаси (Дастлабки терговни тўхтатиш асослари ва тартиби) асосан тўхтатилди. “Гарант қурувчи сервис” ширкати вакили Озодлик билан суҳбатда зарарни қоплагани ва тергов бошқармаси қарорига эътирози йўқлигини айтиш билан чекланди. Даъвогар рози эмас Самарқандлик 50 яшар тадбиркор Жамшид Шомуродов Озодлик билан суҳбатда 2 октябрь куни Самарқанд шаҳар ИИБ Тергов бошқармасига бориб бу юзадан ўз норозилигини баëн қилганини айтди: - Бу қарорга мен рози эмасман. 17 та квартира ва 18 йилдан бери ишлаб келаëтган тўрт қаватли клиника биносини тортиб олиб бузиб ташлашди. Кўрган зараримни мустақил комиссия 15 милиард сўм деб нархлаган. Нега мен 460 миллион яъни 40 минг долларга рози бўлишим керак?