Лазги – дунёдаги энг қуёшли рақс | Qadriyatlar beshigi HD
"Қадриятлар бешиги" кўрсатуви "Ўзбекистон тарихи" телеканали “Лазги” рақси Хоразм воҳасида рўй берган кўплаб урушлар, ижтимоий ларзалар, ўзгаришлар ва табиий фалокатларга қарамасдан, минглаб йиллар давомида сақланиб қолаверди. Ушбу рақс тарихи асотиру афсоналарга ўралиб-чирмалган ва бу уни янада сеҳрли ва сержумбоқ қилади. Энг машҳур афсонада инсон танасини яратган, аммо унга жон киритишга қийналган худо ҳақида ҳикоя қилинади, чунки Жон тананинг қоронғи ботиний оламига киришни истамаган экан. Бироқ Жон ихтиёрини олиб қўйган мусиқа садоларини эшитгандан сўнг ҳаммаси ўзгариб кетади: мусиқанинг жадал маромига ошуфта бўлган Жон танага кириб, уни оҳиста ҳаёт қуввати билан тўлдиради. Шунинг учун лазги секин бошланади: раққос (ёки раққоса) рақсни қўлини юқорига кўтарган (“калит” ҳолати) кўйи – қуёш томон чўзганча – сокин маромда бошлайди, дастлаб бармоқлари ва қўлларини, сўнгра билаклари, елкалари, бадани ва оёқларини – бутун танасини титратиб ҳаракатга келтиради, уларга қўшимча равишда бурилиш, эгилиш, у ёқ-бу ёққа калта юриш, ўтириб туриш, сакраб кетиш ва бўйиннинг (“қирғий бўйин”), тананинг (“гавда тебраниши” ва “гавдани ирғитиш”), елканинг (“елка қоқиш”) ва иякнинг (“ияк ҳаракати”) ўзига хос ҳаракатлари йўлдош бўлади. Ушбу рақсни тавсифлаш учун қўлланадиган ўзбекча атамалар Розия Каримованинг асарларига асосланади. Рақс мароми аста-секин тезлашиб боради ва уни улкан ҳарорат ва қувват билан тўлдириб, соф шодлик ва бахтнинг деярли жазавали ҳисси билан тўлдиради. Таниқли ўзбек хонандаси Ҳулкар Абдуллаеванинг мана бу видеосида лазги оҳанглари таъсирида жоннинг тана билан қўшилиб кетиши ҳақидаги афсона гўзал тарзда ҳикоя қилиниб, ижро этилади. Ушбу серҳаракат ва оташин рақс Амударёнинг қуйи соҳилида яшаган кўҳна хоразмликларга қаҳратон қиш шароитида омон қолишда ёрдам берганидан ажабланмаса ҳам бўлади.