Тоштурмада маҳбусни ургани учун жазоланган нозирлар ҳукмдан норози HD
Халқ орасида “Тоштурма” дейиладиган ЖИЭББ (Жазони ижро этиш Бош Бошқармаси)га қарашли биринчи тергов ҳибсхонасида маҳбусни резина таëқча билан урганликда айбланган икки сафдор суд ҳукми билан икки йилга ахлоқ тузатиш ишларига жалб қилинди. Айбланувчилар ҳукмдан норози. Суд ҳукмининг нусхаси Озодликда бор. 21 июнь куни ўтган Тошкент вилояти апелляция суди қуйи инстанция қарорини ўз кучида қолдирди. Маҳбусни урганликда айбдор деб топилганлар ЖИЭББ тизимидан четлаштирилди. Маҳбусни ургани учун жазоланган қамоқхона нозирлари яқинларининг Озодликка иддао қилишича, суд ҳукми адолатсиз бўлган. - Норозимиз. Ҳукм устидан Олий судга арз қиламиз. Чунки бу икки одам оиланинг ëлғиз боқувчиси. Улар қоидага кўра¸ ҳаракат қилишган. Маҳбус уларга ташланмоқчи бўлганида қоида асосида уни тинчлантиришган. Матбуотга гапириш ваколати йўқлиги туфайли исми сир қолишини истаган ЖИЭББ вакилининг Озодликка айтишича, бу икки нозирнинг ҳаракатларида яққол жиноий аломат кўринмайди. - Ички хавфсизлик тизими 2018 йил октябрда юз берган бу ҳодисани ўрганиб чиқди. ТХ-1 тартибот ва қўриқлаш бўлими назоратчилари А.М ва А.А қоидага кўра 2 блок 3403 рақамли камерада тўполон кўтарган маҳбус Ж.Б ни тинчлантирган. Маҳбус масофани сақламагани боис, у "резинка таëқ махсус воситаси" билан елка қисмига бир марта урилган. Бу ҳолатда жиноят аломати йўқ. Ижро интизоми бузилган. Махсус восита қўллангани юзасидан баëннома тузилмаган. Бунинг учун биринчи тергов ҳибсхонасидаги 8 ходимга интизомий жазо тарзида ҳайфсан берилди¸ дейди воқеадан хабардор мулозим.