Ўзбек имомлари 2: Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф HD

24.07.2015
Шайх Муҳаммад Содиқ - Ўзбекистоннинг сўнгги 30 йиллик тарихида чуқур из қолдирган ва зиддиятли шахс сифатида тарихга кирган йирик дин пешвосидир. Бу киши ҳақидаги муносабатлар, хотиралар, олқиш ва танқидлар кўлами ҳам кенг. "Ўзбек имомлари" рукнида биз у кишидан қолган илмий мерос, вафотидан кейин кўтарилган баҳс ва у кишининг шахсий ҳаётига оид баъзи муҳим маълумотларни жамлашга ҳаракат қилдик. Ниёзботирлик талаба Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳақида яқинда Ўшда чоп этилган “Ҳазрат” номли китобда у кишининг таржимаи ҳоли тўлиқ келтирилган: “Шайх Муҳаммад Содиқ ҳижрий 1371-йил 21-Ражаб – милодий 1952-йил 15-Апрел куни Андижон вилояти Асака туманида, Ниёзботир қишлоғида Муҳаммад Юсуф домла хонадонида таваллуд топди. Муҳаммад Юсуф домла Булоқбоши туманида 45 йил имом-хатиблик қилган ва ўз масжидида жума олдидаги мавъиза асносида вафот этган... Устоз Муҳаммад Юсуф домла ва Собирахон она фарзандларининг тарбиясига қаттиқ эътибор беришганди. Онаси чақалоқни имкон қадар бетаҳорат эмизмасди... Шайх Муҳаммад Содиқ Қуръони Карим, сарф, наҳв каби бошланғич илмларни отасида ўқиди. 1969-йили Булоқбоши қишлоғидаги ўрта мактабни тугатгач, 1970-йили Бухородаги Мир Араб Мадрасасига ўқишга кирди”. Шайх ҳазратлари ўқишга кирган пайтда мадраса 7 йиллик эди. Шайх мадрасининг бирданига 5-босқичига қабул қилинган. Уни битиргач, 1973-йилда Имом Бухорий номидаги Тошкент Ислом институти - Олий Маъҳадга ўқишга кирган ва бунда ҳам бирданига 3-босқичга қабул қилинган. Бу билим юртини 1975 йилда тамомлагач, «Совет шарқи мусулмонлари» журналида фаолият бошлаган.

Похожие видео

Показать еще