Президент Шавкат Мирзиёев Самарқанд вилоятига ташриф буюрди. 1-кун HD
Президент Шавкат Мирзиёев Самарқанд шаҳрига келди. Давлатимиз раҳбари дастлаб Самарқанд халқаро аэропортида амалга оширилаётган модернизация ишлари билан танишди. Бугунги кунда узунлиги 3105 ва эни 60 метр бўлган учиш-қўниш йўлаги қурилиши тугалланиб, ёритиш-сигнал чироқлари ва аэронавигация ускуналари ўрнатилмоқда. Қурилиши давом этаётган янги терминал бир соатда 2 баробар кўп, яъни 800 нафар йўловчига хизмат кўрсатиш қувватига эга бўлади. Имом Бухорий қадамжосининг янги мажмуаси қурилиши бошланди. Шу муносабат билан нуронийлар ва зиёлилар билан учрашув бўлди. Президент мўмин-мусулмонларни, халқимизни муборак Рамазон ойи билан муборакбод этди. Мажмуада амалга оширилаётган ишлар билан танишди. – Бу соҳада қилаётган ишларимиздан мақсад – исломга эътиқодимизни, аллома боболаримизга ҳурматимизни илм билан билдириш. Аждодларимизга муносиб бўлиш биз учун жуда катта бурч, – деди Шавкат Мирзиёев. Президент Шавкат Мирзиёев Самарқанд шаҳрининг Қорасув мавзесида уй-жой қурилиши билан танишди. Мавзеда қурилган кўп қаватли уйлар сони 116 тага етди. Шунингдек, 1 минг 600 ўринли мактаб, 120 ўринли болалар боғчаси, маҳалла фуқаролар йиғини биноси, савдо дўконлари, ўйин ва спорт майдончалари барпо этилган. Жорий йилда яна 7 та 16 қаватли, 2 та 25 қаватли уйлар қурилмоқда. Шу ерда Самарқанд шаҳри Бош режаси ва шаҳар ҳудудини кенгайтириш лойиҳалари тақдимоти ўтказилди. Давлатимиз раҳбари Самарқанд туманида барпо этилаётган туризм маркази қурилишини кўздан кечирди. Мажмуа эшкак эшиш канали бўйида, 212 гектар майдонда қурилмоқда. Лойиҳага кўра, бу ерда 10 та иншоот, жумладан, конгресс холл, меҳмонхоналар, дам олиш масканлари бўлади. Президент туристик марказни шаҳар билан боғлайдиган йўл ўтказгични бориб кўрди, Уста Умар Жўрақулов ва Афросиёб кўчаларида амалга оширилаётган ободонлаштириш ишларини кўздан кечирди. Давлатимиз раҳбари Самарқандга сафари чоғида Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти Ислом Каримов қабрини зиёрат қилди. Марҳумнинг ҳақига Қуръон тиловат этилди. – Ислом ака камтар инсон эдилар. Бу мақбара ҳам ўзларига муносиб бўлган. Бу ерга меҳр берганмиз. Биринчи Президентимиз бошлаган ишларни давом эттираяпмиз. Руҳлари шод бўлсин, илоҳим, – деди Шавкат Мирзиёев. Президент Шавкат Мирзиёев “Ургут” эркин иқтисодий зонасидаги саноат корхоналари фаолияти билан танишди. Бугунги кунда “Ургут” эркин иқтисодий зонасида қиймати 402 млн долларликдан зиёд 84 та инвестиция лойиҳаси амалга оширилмоқда. 313 млн долларлик 55 та лойиҳа бўйича ишлаб чиқариш бошланган, уларда 4 минг 328 та киши меҳнат қилмоқда. Давлатимиз раҳбари иқтисодий зона имкониятларидан самарали фойдаланиш, янги ва истиқболли лойиҳаларни кўпайтириш юзасидан мутасаддиларга топшириқлар берди.