Шавкат Мирзиёев Фарғона бўйича йиғилиш ўтказди HD
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 7 октябрь куни хорижий мамлакатлар билан эришилган келишувлар ижроси, янги инвестициявий ва ижтимоий-иқтисодий лойиҳалар муҳокамасига бағишланган йиғилиш ўтказди. Аввал Бирлашган Араб Амирликлари билан ҳамкорликдаги инвестиция лойиҳаларининг ижроси кўриб чиқилди. Жорий йил март ойида давлатимиз раҳбарининг ушбу мамлакатга расмий ташрифи жуда самарали бўлган, эришилган келишувларни амалга ошириш бўйича апрель ойида “йўл харитаси” ишлаб чиқилганди. Ундан кўплаб истиқболли лойиҳалар ўрин олган. 300 миллион доллар эвазига Самарқанд шаҳри инфратузилмасини ривожлантириш, Навоий вилоятида 200 миллион долларлик шамол ва 150 миллион долларлик қуёш электр станциялари қуриш, 203 миллион доллар эвазига Сирдарё вилоятида целлюлоза, омухта ем ва қурилиш материаллари ишлаб чиқарувчи агросаноат кластери ташкил этиш лойиҳалари шулар жумласидандир. Мутасаддилар инвестиция ўзлаштирилиши бошланган лойиҳалар ижросининг бориши бўйича ҳисобот берди. Шунингдек, нефть-газ, кимё, энергетика, мева-сабзавотларни қайта ишлаш соҳаларидаги истиқболли лойиҳалар муҳокама қилинди. Давлатимиз раҳбари бу борадаги ишларнинг, қурилажак завод ва корхоналарнинг иқтисодий ва ижтимоий аҳамиятига эътибор қаратиб, уларни тез ва пухта амалга ошириш лозимлигини таъкидлади. Янги лойиҳалар бўйича музокараларни якунлаб, қурилиш ишларини бошлаш бўйича тегишли топшириқлар берди.