Шавкат Мирзиёев камбағалликни қисқартиришга қаратилган муҳим видеоселектор йиғилишини ўтказди HD
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 27 февраль куни тадбиркорликни ривожлантириш орқали камбағалликни қисқартиришга қаратилган чора-тадбирлар бўйича видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди. Маълумки, ҳар қандай мамлакатда аҳолининг кам таъминланган қатлами мавжуд. Ўзбекистонда ҳам одамларнинг муайян қисми етарли даромад манбаига эга эмас. Халқимиз фаровонлигини ошириш мақсадида “Ҳар бир оила – тадбиркор”, “Ёшлар – келажагимиз”, “Обод қишлоқ”, “Обод маҳалла”, томорқани ривожлантириш каби дастурлар қабул қилинди. Ўтган икки йил давомида биргина оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастури доирасида бюджетдан қарийб 10 триллион сўм имтиёзли кредитлар ажратилди. Албатта, бу аҳоли бандлигини таъминлаш, оилалар учун даромад манбаи яратишга хизмат қилди. Камбағаллик юртимизда кўп йиллар “ёпиқ мавзу” бўлиб келди. Жорий йил 24 январь куни Олий Мажлисга Мурожаатномада давлатимиз раҳбари бу ҳақда очиқ-ойдин гапирди ва тарихимизда биринчи марта камбағалликни қисқартириш устувор вазифа сифатида белгиланди. Бугунги видеоселектор йиғилишида шу борадаги ишларни тизимли ташкил этиш масалалари муҳокама қилинди. – Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, 12-15 фоиз ёки 4-5 миллион аҳолимиз камбағал. Бу уларнинг бир кунлик даромади 10-13 минг сўмдан ошмаяпти, дегани. Ёки бир оилада машина ҳам, чорва ҳам бўлиши мумкин, лекин бир киши оғир касал бўлса, оила даромадининг камида 70 фоизи уни даволатишга кетади. Хўш бундай оилани ўзига тўқ дейиш мумкинми? Президент сифатида мени одамларимизнинг овқатланиши, даволаниши, болаларини ўқитиши, кийинтириши каби ҳаётий эҳтиёжлари нима бўлаяпти, деган савол ҳар куни қийнайди, – деди Шавкат Мирзиёев.