Шавкат Мирзиёев ёшлар сиёсатига оид муҳим видеоселектор йиғилишини ўтказди HD
Президент Шавкат Мирзиёев раислигида 13 апрель куни ёшлар бандлигини таъминлаш ва бўш вақтини мазмунли ташкил этиш борасида белгиланган вазифалар ижроси юзасидан видеоселектор йиғилиши ўтказилди. Маълумки, 2021 йил мамлакатимизда “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили”, деб номланиб, бу борада давлат дастури қабул қилинди. 27 январь ҳамда 10 февраль кунлари бўлиб ўтган йиғилишларда жорий йилги муҳим вазифалар яна бир бор қайд этилиб, масъуллар белгиланган эди. Бугунги йиғилишда ушбу вазифалар ижросининг бориши, вазирлар, вилоят, туман ва шаҳар ҳокимлари, сектор раҳбарлари, олий таълим муассасалари ректорлари ёшларга оид ишларни қандай ташкил этгани кўриб чиқилди. Мамлакатимиз бўйича 648 минг нафар ишсиз “Ёшлар дафтари”га киритилган бўлса, биринчи чоракда шундан 283 мингининг бандлиги таъминланган. Хусусан, 175 минг нафар ёшга 45 минг гектар ер майдони ажратилган. Ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказиш мақсадида 36 мингта қўшимча тўгарак ташкил этилиб, 874 мингга яқин ўғил-қиз жалб этилган. “Беш муҳим ташаббус” доирасида таълим муассасалари, кутубхона ва ўқув марказларига 97 мингта санъат ва спорт инвентари, компьютерлар, 562 мингта бадиий китоб етказиб берилган. Лекин, айрим ҳудуд ва соҳаларда ёшлар масалаларига эътибор ҳали ҳам талаб даражасида эмаслиги кўрсатиб ўтилди. Мисол учун, Андижон вилоятида биринчи чоракда атиги 5 мингга яқин ёш доимий ишга жойлаштирилган. Аммо, айни пайтда ҳудуддаги саноат корхоналари ва кластерларда 7 мингта доимий вакант иш ўрни мавжуд. Ишсиз ёшларни касб ва тадбиркорликка ўқитиш, маблағ билан таъминлашда ҳам камчиликларга йўл қўйилмоқда. Хусусан, “1+1” дастури доирасида 100 минг нафар ёшни ўқитиб, кейин уларга имтиёзли кредит ажратиш белгиланган бўлса-да, Савдо-саноат палатасининг қуйи тузилмалари бу ишларни тизимли ташкил эта олмаяпти. Мисол учун, уч ойда республика бўйича 21 минг нафар ёш тадбиркорликка ўқитилган. Тошкент шаҳрида атиги мингта, Наманганда эса 1 100 та сертификат берилган. Бухорода эса бор-йўғи 216 нафар ёш касб-ҳунар ва тадбиркорликка ўқитилган. Бундан ташқари, ишсиз ёшларнинг бандлигини таъминлаш Сурхондарё вилоятида 30 фоизни ташкил этиб, бу республикадаги энг паст кўрсаткич. Худди шу каби Хўжайлида атиги 16 нафар, Фурқатда 27 нафар, Улуғнорда 78 нафар, Ангорда 82 нафар ишсиз ёшлар “1+1” лойиҳаси билан қамраб олинган. Йиғилишда бундай ўзибўларчилик ҳолатлари қаттиқ танқид қилинди. Ёшлар билан ишлашни лозим даражада ташкил этмагани учун Сурхондарё вилояти ҳокимининг ёшлар масалалари бўйича ўринбосари, Фурқат ва Улуғнор тумани ҳокимлари, Шофиркон, Қамаши, Хива, Чуст, Хўжайли ва Ангор туманларидаги айрим сектор раҳбарлари лавозимидан озод этиладиган бўлди. Яна қатор мутасаддилар қатъий огоҳлантирилиб, вазиятни ўнглаши учун муҳлат берилди. Галдаги вазифалар ижросини ташкил этиш, ёшлар билан ишлайдиган муассасаларга имкониятларни кенгайтириш чора-тадбирлари белгиланди. – Энг муҳим вазифа, аввало, ёшлар бандлигини таъминлаш, муносиб даромад олиши учун уларга шарои