Шавкат Мирзиёев Қашқадарё вилоятининг ижтимоий-иқтисодий ҳолатини кескин танқид қилди

26.11.2020
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 26 ноябрь куни Қашқадарё вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ва аҳоли ҳаётини яхшилаш масалалари бўйича видеоселектор йиғилиши ўтказилди. Давлатимиз раҳбари 12-13 ноябрь кунлари вилоятда бўлиб, шу борадаги вазифаларни белгилаб берган эди. Ҳар бир туман ва шаҳарни жадал ривожлантиришга туртки бериш мақсадида марказий идоралар, жумладан, вазирлик ва тижорат банклари раҳбарлари бириктирилиб, зарур ресурслар ажратилди. 2021 йил Қашқадарёда “Тадбиркорликни ривожлантириш йили” деб эълон қилинди. 10 мингта янги тадбиркорлик субъекти ташкил этиш мақсади белгиланди. Бугунги йиғилишда ҳар бир туман ва шаҳарнинг “ўсиш нуқталари”га асосланиб, саноат, қишлоқ хўжалиги ва хизмат кўрсатиш бўйича лойиҳаларни мижозбай ишлаб чиқиш зарурлиги таъкидланди. Масалан, Яккабоғ, Қамаши, Чироқчи, Шаҳрисабз ҳамда Китоб туманларида 20 минг гектарда интенсив боғ ва узумзорлар яратиш орқали вилоятда мева-сабзавотни қайта ишлаш даражасини 25 фоизга етказиш мумкин. Шаҳрисабз шаҳри, Нишон, Деҳқонобод, Яккабоғ, Миришкор, Ғузор, Шаҳрисабз, Муборак туманларида ташкил этиладиган 11 та кичик саноат зонасида лойиҳаларни жойлаштириш ва инфратузилмага улаш кераклиги қайд этилди. 2021 йилда тижорат банклари кредитлари асосида хизмат кўрсатиш соҳасида 650 миллиард сўмлик 500 та янги лойиҳа амалга оширилиши режалаштирилган. Давлатимиз раҳбари келгуси икки йилга мўлжалланган 1 минг 153 та инвестиция лойиҳасининг иқтисодий-ижтимоий аҳамиятини таъкидлаб ўтди. Бунда қарийб 1 миллиард доллар хорижий инвестицияларни ўзлаштириб, 19 мингта янги иш ўрни яратиш кўзда тутилган. Мутасаддиларга саноат паст даражада ривожланган туманлар учун қўшимча лойиҳалар ишлаб чиқиш, мавжуд захираларни самарали ишга солиш вазифаси қўйилди. “Темир дафтар”га киритилган оилаларни камбағалликдан чиқариш чоралари муҳокама қилинди. Кичик бизнесни ривожлантириш, ёшлар ва аёлларда тадбиркорлик кўникмаларини шакллантириш муҳимлиги таъкидланди.

Похожие видео

Показать еще