«Улар ўзи нима учун ойлик олаяпти?» — Шавкат Мирзиёев вазирларнинг ишини танқид қилди HD
Президент Шавкат Мирзиёев раислигида 10 июнь куни қайта тикланувчи энергиядан фойдаланишни кенгайтириш масалалари бўйича видеоселектор йиғилиши ўтказилди. Мамлакатимизда инсон қадрини улуғлаш барча ишларда устувор тамойил этиб белгиланган. Одамларнинг яхши яшаши учун энг зарур манбалардан бири эса бу энергия. Сўнгги йиллардаги ислоҳотлар натижасида бу соҳадаги узилишлар анча камайди. Лекин, куз-қиш мавсумида аҳолининг энергияга бўлган эҳтиёжи кескин ошиши сабабли барча оғирлик электр тармоқларига тушмоқда. Бугунги кунда юртимизда 2-3 миллиард киловатт соат электр энергиясига қўшимча талаб бор. Келгуси беш йилда эса бу эҳтиёж 10 миллиард киловатт соатга ошиши кутилмоқда. Бундай вазиятда энг самарали йўл уй, корхона, боғча, мактаб ва шифохоналарда муқобил энергиядан фойдаланишни кўпайтиришдир. Шу боис йиғилишда қайта тикланувчи энергия ускуналарини кенг жорий этиш, бу борада аҳолини қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари муҳокама қилинди. – Бугунги масала умуммиллий аҳамиятга эга. Бу ишларни авваламбор ўзимиздан бошлашимиз керак. Ҳар бир ҳоким, вазир, барча даражадаги раҳбарлар шахсий намуна кўрсатиб, ўз уйи, ишхонасида муқобил энергия ускунасини ўрнатиши зарур, – деди Шавкат Мирзиёев. Бу борада аҳоли ва тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш учун янги тизим белгиланди. Ушбу тизимга кўра, ҳар бир ўрнатилган қуёш ва шамол электр ускунаси учун, қувватига қараб, 15 миллион сўмгача, сув иситиш қурилмаси учун эса 2 миллион сўмгача компенсация тўланади. Ёки ускуна қийматини 3 йил ичида фоизсиз, бўлиб-бўлиб тўлаш имконияти яратилади.