Ўзбекистон: Каримовни қўрқитган Толибон Мирзиёев билан қандай тил топишди? - BBC Uzbek HD
Ўзбекистон: Каримовни қўрқитган Толибон Мирзиёев билан қандай тил топишди? – Бу нима дегани: Ўзбекистон президенти дипломатиясининг ютуғими ёки ютқизиғи? Афғонистон Толибон ҳаракати юқори мартабали ҳайъати Ўзбекистонга иккинчи расмий ташрифининг ўзидаёқ жума намозини Самарқанд, Ҳайит намозини Тошкентда ўқиди. “Ҳаракатнинг 90-йиллар бошида қилган худди шундай баёноти Ўзбекистоннинг ўша вақтдаги президенти Ислом Каримовни роса қўрқитгани” назарда тутилса, воқеаларнинг расмий Тошкент ва толиблар билан боғлиқ сўнгги ривожи нималарга далолат қилади? Афғонистон Толибон ҳаракатининг ҳамасосчиси, сиёсий қаноти ва Доҳадаги идораси раҳбари Мулла Бародар Ахунд бошчилигидаги ҳайъат бир ташрифининг ўзида пойтахт Тошкентда музокаралар борган, қадим Самарқанд ва Бухорода бўлган. Имом ал-Бухорий, Шоҳи Зинда ва Ислом оламида муқаддас бўлган бошқа қатор қадамжоларни зиёрат қилган. Жума намозини Самарқанддаги Имом ал-Бухорий Жомеъ масжидида ўқиган, Қурбон Ҳайитини Тошкентда қарши олган. Ҳайит намозини ҳам Ўзбекистон пойтахтидаги масжидларнинг бирида адо этган. Афғонистон Толибон ҳаракати ўзининг ижтимоий мулоқот тармоқларидаги расмий аккаунтларида чоп қилган суратлардан музокарачи томонларнинг бир-бирлари билан ҳадя алишганликлари ҳам кўрилган. Самарқанд вилояти ҳокими эса, ҳатто, Мулла Бародар Ахундаги зарбоф тўн кийдирган, ўз қўллари билан қийиқ боғлаб, ўзбекча дўппи ҳам кийдирган. Афғонистон Толибон ҳаракати юқори мартабали ҳайъатининг сўнгги йилларда қатор минтақа давлатларига қилган ташрифлари чоғида кузатилмаган бу қадар меҳмоннавозлик нафақат иккинчи музокарачи томон бўлган Афғонистон ҳукумати, аксарият минтақавий таҳлилчилар, балки-да, оддий ўзбекистонликлар ва афғонистонликларнинг ҳам диққат-эътиборларини ўзига тортмай қолмаган. Расмий Кобул ҳайъатнинг Ўзбекистон томонидан расман қабул қилиниши ва икки ўртадаги музокаралар динамикасидан расман эътирозини изҳор этган. Ҳар икки томондан аксарият интернет фойдаланувчилари ўз таажжуб ва тушунмовчиликларини изҳор этишган. Буларнинг барчаси манзарасида минтақавий таҳлилчилар Ўзбекистоннинг янгича минтақавий сиёсати ва дипломатияси учун нимани англатиши саволини ўртага отишган. Бу Ўзбекистон дипломатиясининг ютуғими ёки ютқизи каби талқинидаги таҳлилларга зўр беришган. Би-би-си Ўзбек Хизмати воқеаларнинг сўнгги ривожи манзарасида худди шундай савол билан Франциядан сиёсий таҳлилчи Камолиддин Раббимовга мурожаат қилди. Экспертга кўра, “Бир томондан, толиблар Ўзбекистоннинг исломий ўзлигини кўраяпти, тан олаяпти”. “Иккинчи тарафдан, расмий Тошкентнинг Афғонистон ва толиблар борасида ўзининг алоҳида, мустақил ва Ўзбекистон манфаатларига бўйсундирилган стратегияси бўлиши керак эди - шундай бўлаяпти ҳам”, - дейди у. Расмий эътирозлар, таажжублар, саволлар ва таҳлилларга ҳозирча Ўзбекистон ва Афғонистон Толибон ҳаракати сиёсий идораси томонидан изоҳ бўлиши мумкин бўлган бирор бир баёнот ҳозирча кузатилгани йўқ. Видеосуҳбатимизга қулоқ тутинг, сиз таҳлилчининг фикрларига нима дейсиз ва воқеала