8 март - Халқаро хотин-қизлар байрамига бағишланган катта концерт дастури HD
Халқаро конгресс марказида 8 март – Халқаро хотин-қизлар кунига бағишланган байрам тадбири бўлиб ўтди. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев аёлларни самимий табриклаб, уларга юксак эҳтиромини билдирди. – Халқимиз азал-азалдан Она сиймосини, Аёл зотини Яратганнинг улуғ неъмати, тенгсиз мўъжизаси, деб билади, уни ҳамиша ардоқлаб-асраб яшайди, – деди давлатимиз раҳбари. Маълумки, ҳар қандай жамият ва давлатнинг қай даражада халқпарвар ҳамда адолатли экани унинг хотин-қизларга бўлган муносабати ва ғамхўрлиги билан белгиланади. Мамлакатимизда халқни рози қилиш мақсади йўлида хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Уларнинг ўқиши, ишлаши, саломатлиги, оиласи учун шароитлар яхшиланмоқда. Бу мақсадлар Тараққиёт стратегиясининг ҳам муҳим йўналишларидан бири. Шунга мувофиқ, 1 март куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида хотин-қизлар учун янада кенг имкониятлар белгиланди. Бу вазифаларни тизимли ва самарали амалга ошириш мақсадида, Бош вазир ўринбосари лавозими қайта тикланди ҳамда Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси ташкил этилди. Республикадаги 9,5 мингга яқин маҳалла раисининг хотин-қизлар ва оила бўйича ўринбосарлари ҳам қўмита тизимига ўтказилди. Ҳар бир маҳаллада хотин-қизлар фаоли лавозими янгидан жорий қилинди. Бу орқали, опа-сингилларимизнинг муаммолари, дарду ташвишлари билан доимий шуғулланадиган адолатли ва самарали тизим яратилди. 2022-2026 йилларга мўлжалланган Хотин-қизлар таълимини қўллаб-қувватлаш миллий дастури қабул қилинади. Президентимиз ташаббуси билан жамоатчиликка, аввало, ёшларга тарбиявий таъсир кўрсата оладиган, обрў-эътиборли аёлларни ўз сафида бирлаштирган “Оқила аёллар” ҳаракати ташкил топмоқда. Шунингдек, барча меҳнат жамоаларида хотин-қизларнинг муаммоларига самарали ечим топиш учун “Аёллар кенгашлари” тузилмоқда. Тадбиркор хотин-қизларни янада кўпайтириш мақсадида “Бизнесчи аёллар” дастури қабул қилиниб, унинг доирасида 8 триллион сўм маблағ йўналтирилади. Шунингдек, жорий йилда ипотека кредитлари бўйича бериладиган субсидияларнинг 40 фоизи хотин-қизлар учун ажратилади. Бу муҳтож аёлларни 12 мингта қулай уй-жой билан таъминлаш имкониятини беради. Тарихимизда илгари бўлмаган бундай кенг кўламли ишлар ижроси учун 15 триллион сўм маблағ йўналтирилади. – Хотин-қизлар ва оила масаласи – бу нафақат бугунги кунимиз, балки эртанги келажагимизни ҳам белгилаб берадиган ҳал қилувчи омилдир. Агар биз меҳр-оқибат ва садоқат тимсоли, хонадонларимиз фариштаси бўлган аёлларга битта яхшилик қилсак, ҳеч шубҳасиз, бу ўнта яхшилик бўлиб қайтади, – дея таъкидлади Шавкат Мирзиёев. Президентимиз хотин-қизларга мурожаат қилиб, уларни буюк ишларга руҳлантирди: – Биз мамлакатимизни ҳар томонлама юксалтириш учун, янги тарихий даврга қадам қўйдик. Фарзандларимиз қалбига улуғ мақсадлар, олижаноб ғояларни сингдириш – барча Ўзбекистон оналарининг шарафли бурчидир. Юксак фазилатли, мард ва жасур, ватанпарвар ёш авлодни тарбиялаб вояга етказиш албатта сизларга боғлиқ. Бу – ёруғ келажакка
Похожие видео
Показать еще