Uzbek Каримов тарихда қандай ном қолдиради? HD

30.01.2013
1989 йилда Ўзбекистон Компартияси биринчи котиблигига тайинланган, 1991 йилнинг 29 декабрида Ўзбекистон Президенти қилиб сайланган Ислом Каримов 30 январда 75 ёшга тўлади. Йигирма тўрт йилдан буён мамлакатни бир ўзи бошқариб келаётган Ислом Каримовнинг президентлик фаолияти ўзбек жамиятида турли хил баҳсларга сабаб бўлиб келяпти. "Каримов ва унинг оиласи мамлакатни хароб қилиб бўлди. Ўзбекистонда коррупция кириб бормаган бирорта ҳам соҳа қолмади. Туғруқхонадан қабристонгача пора ўрлади. Ишсизлик оқибатида миллионлаб ўзбекистонликлар хориж давлатларига мардикорликка кетяпти. Августда мана бундай зўр яшаймиз деб бошмалдоғини кўрсатган Каримов Ўзбекистонни Марказий Осиёдаги қўшнилар билан муносабати ёмонлашган давлатга айлантириб қўйди", деб ёзилади Озодлик мақолаларидан бирига келган шарҳда. Бироқ Ислом Каримов Ўзбекистон учун жуда катта ишлар қилганлигини айтувчилар ҳам кўп: "Ислом Каримов Марказий Осиёдаги аҳолиси энг кўп бўлган Ўзбекистонни тинч ушлаб турибди. Агар Каримовни ўрнига бошқаси ҳокимиятга келганида эди, балки Ўзбекистон ҳозир Афғонистондан ҳам баттар бўлармиди? Каримов мамлакатда 90 йилларда қўзиқориндай кўпайган рекет, мафия деганларини илдизи билан қуритди. Энг муҳими, тинчликни сақлаб қолди. Ҳозир ҳам ўзбекистонликлар қилаётган тўйларни кўрсангиз оғзингиз очилиб қолади. Ҳеч ким очликдан ўлаётган йўқ. Секин секин мамлакат тараққий топмоқда", деб ёзади бошқа шарҳ муаллифларидан бири. Хўш, етмиш беш ёшни қаршилаган Ислом Каримов Ўзбекистон тарихида у қандай ном билан қолади? Ўзбекистонликлар хотирасида Каримов мамлакатни милиция ва армия ёрдамида бошқарган диктатор сифатида қоладими ёки халқини яхши кўрадиган, ҳар байрамлардаги табрик нутқларида айтилганидек "бағрига босадиган" ғамхўр ва одил юртбоши сифатида? Баҳс майдонининг бу сонида бу саволлар атрофида икки нафар ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари баҳслашди.

Похожие видео

Показать еще