Оқсарой музей сифатида Каримов таваллуд кунида очилиши кутилмоқда HD
Ўзбекистон собиқ президенти Ислом Каримовнинг иш жойи – Тошкентдаги Оқсарой қароргоҳи – марҳум президент туғилган 30 январь куни қайта очилиши кутилмоқда. Бу ҳақда Озодликка Ўзбекистон ҳукуматидаги бир-биридан мустақил икки манба хабар қилди. Оқсарой қароргоҳи биринчи президент музейи сифатида очилади, деди улардан бири. “Шавкат Мирзиёевнинг махсус топшириғига кўра, Оқсаройнинг баъзи хоналари музей ташрифчилари учун тайёрланмоқда, у ерга Ислом Каримовнинг ҳаёти ва фаолияти билан боғлиқ турли буюм, альбом ва бошқа ашёлар қуйила бошланди,” деди у. Яна бир манбанинг айтишича, Ислом Каримов музейини очиш маросими шу йилнинг 30 январига, яъни биринчи президентнинг туғилган кунига белгиланган.