Андижонлик айрончи: ИИБ ходимлари мени ўғлимнинг кўзи олдида калтаклаб, қамаб қўйди HD

19.06.2020
Андижон вилоятининг Олтинкўл туманида салқин ичимликлар билан савдо қилувчи 40 яшар Сайдулло Сўфиев туман ИИБ нинг икки ходими уни ноқонуний савдо қилганликда айблаб калтаклагани, кейин қўлини қайириб, машинага босиб, қамаб қўйгани ҳақда Озодликка айтди. Олтинкўл туман ИИБ навбатчиси Сўфиевнинг калтаклангани ҳақидаги иддаолари юзасидан Озодлик саволларига жавоб беришни истамади. "Эзгулик" инсон ҳуқуқлари ташкилоти раҳбари Абдураҳмон Ташанов ўз ташкилоти Олтинкўлда ИИБ ходимлари фуқарога куч қўллагани ҳолатини ўрганаётганини айтди. Ташановга кўра, уларнинг мурожаатидан сўнг Олтинкўл туман прокуратураси хизмат текшируви тайинлаган. Олтинкўлдаги воқеа мамлакат бўйлаб ИИБ ходимларининг фуқарога куч қўллагани билан боғлиқ сўнгги ҳафтада Озодлик ўрганган бешинчи ҳолатдир. Озодлик бу ҳолатлар юзасидан Ички ишлар вазирлиги матбуот хизматига изоҳ олиш учун ёзма мурожаат қилди, 18 июнь иш куни охиригача вазирликдан жавоб бўлмади. Ўтган ҳафта Андижонда ИИБ ходимлари 33 ёшли фуқарога куч қўллагани ва оқибатда 11 кун беҳуш, кома ҳолатда ётиб, сўнгра 11 июнь куни ҳаётдан кўз юмгани ижтимоий тармоқларни ларзага солганди. Олтинкўл туманида айрон, шарбат сотиб тирикчилик қиладиган 40 ёшли Сайдулло Сўфиевнинг Озодликка айтишича, воқеа 16 июнь куни эрталаб автомагистраль йўли четида салқин ичимликлар билан савдо қилаётган пайтда рўй берган. ИИБ ходимлари унинг ҳужжатсиз, ноқонуний савдо билан шуғулланаётганига эътироз билдирган. Сайдулло Сўфиев бундай деди: - Мелиса формасидаги иккита одам ўша куни мен томон келди. “Ноқонуний савдо қиляпсиз, биз билан юрасиз”, деди. "Йўл бўйида ҳамма савдо қиляпти, фақат меники ноқонунийми?", дедим. "Сиз налогданми ё СЭСдан? Менинг фаолиятимга нега аралашасиз? Вазифангиз тартибни сақлашку, мен бормайман", дедим. Кейин қўлларимни қайириб, ерга босиб уришди. Машинага солиб олиб кетди. Машина ичида ҳам уришди.Ўғлим у ерда қолди. Олтинкўллик айрончи Озодлик билан суҳбатда ҳақиқатан ҳам салқин ичимликлар билан савдо қилишга рухсат берувчи ҳужжат унда йўқлигини яширмади: - Ўн йилдан бери ўша йўл четида айрон, шарбат сотиб тирикчилик қиламан. Менда ҳужжат нима қилади?! Ҳамма қиладиган тирикчиликку! СЭСдан келади, Солиқдан ҳам келади, ҳужжатларни сўрайди, йўқ, деймиз. Лекин шу пайтгача ҳақоратлаб, калтаклаш ҳолати бўлмаганди. Сўфиевнинг айтишича, уни туман Ички ишлар бўлимига олиб боришган, у ерда ноқонуний савдо фаолияти билан шуғуллангани юзасидан сўроқ қилишган. Лекин бирор ҳужжат расмийлаштирмасдан қамаб қўйишган. Эрталаб Сўфиевни уйига қўйиб юборишган.

Похожие видео