Қашқадарёда ИИБ ходималари ҳам ғалла ўримини назорат қилишга сафарбар этилди
Бу йил Қашқадарё вилоятида ғалла ўримини назорат қилишга аввалги йиллардаги ва бошқа вилоятлардагидан фарқли ўлароқ ички ишлар органларининг аёл ходимлари ҳам жалб этилди. Вилоят ички ишлар бошқармасининг аноним ходимидан олинган бу хабарни бошқарманинг расмий вакили тасдиқлади. Маълум бўлишича, ИИВ таркибидаги икки бошқарма бошқа вазирликларга ўтказиб берилгани туфайли ички ишлар органлари шахсий таркиби қисқарган ва оқибатда ғалла ўримини назорат қилишга ходималарни ҳам жалб этиш зарурати туғилган. Фермерларнинг айтишича, ғалла ҳосилини йиғиб олишни назорат қилишдан ташқари бу жараённи бошқариш ҳам ички ишлар ходимлари зиммасидаги вазифага айланиб қолган.