Ўринбосар ҳокимнинг пайпоғини санитаркаларга ювдирди HD
Жиззах вилоятининг Дўстлик тумани тиббиёт бирлашмасида ишлайдиган санитаркалар, иш кунлари ҳокимликка чақиртирилиб, ҳокимнинг хонасини ва шахсий кийимларини ювишга мажбурланяпти. Бу ҳақда Озодликка арз қилган санитаркаларнинг айтишларича, уларга ҳатто ҳокимнинг пойафзалларини тозалаб, кремлаб қўйиш ҳам буюрилган. Ҳокимликнинг исми сир қолишини сўраган мулозими, санитаркалар ҳар уч кунда ҳокимнинг хонасини тозалашга олиб келинаётганини тасдиқлади. "Хотин-қизларимизни ҳокимлар зўравонлигидан ким ҳимоя қилади?" Жиззах вилоятининг Дўстлик тумани марказий касалхонасининг санитаркалари иш пайтида ҳокимнинг иш кабинети ва шахсий буюмларини ювиб тозалашга мажбурланаётгани ҳақида Озодликка исми сир қолишини сўраган дўстликлардан бири хабар берди: - Ҳокимнинг иш хонасини, ётоқхонасини, туалетини ювиб тозалашга туман касалхонасининг санитаркалари мажбурланяпти. Менга уларнинг ўзи айтиб берди. Санитаркалар бу ишларни қилишдан бош тортганда, уларни ишдан бўшатиш билан таҳдид қилиняпти. Буни менга санитаркаларнинг ўзлари йиғлаб айтиб берди. Уларнинг гапларини эшитиб хафа бўлиб кетдим. Хотин-қизларимизни ҳимоя қиладиган бирор ташкилот борми ўзи, дейди санитаркалар билан суҳбатлашган одам.