MyTaxiнинг 100 дан зиёд ҳайдовчиси ширкатга бойкот эълон қилди HD
Тошкент аҳолисига такси хизмати кўрсатаётган MyTaxi ширкатининг 1000 дан ортиқ ҳайдовчисидан 100 дан зиёди автоширкат раҳбариятини ўз муаммоларини ҳайдовчилар ҳисобига ҳал қилишга уринаётганликда айблади ва ширкатга бойкот эълон қилди. MyTaxiдан буюртма олишни тўхтатган ҳайдовчилар ширкатдан тарифларни кўтаришни талаб қилмоқда. MyTaxi ширкати директор ўринбосари ҳайдовчиларнинг норозилигини асоссиз, деб атади. Айни пайтда, унинг айтишича, тез кунларда ширкатнинг нарх сиёсатига ўзгартиш киритилади. Тошкент аҳолисига такси хизматини кўрсатаётган энг йирик ширкатлардан бири - MyTaxiнинг 100 дан ортиқ ҳайдовчиси 17-20 август кунлари ширкатга бойкот эълон қилганини Озодликка билдирди. - 15 август куни ҳамма ёнилғи турига нарх-наво ошди. Бунинг ортидан автобус йўл кираси ва бошқа хизматларнинг нархи ошмоқда. Лекин такси хизматида ҳеч нарса ўзгармади. Километраждаги тафовут ўзгармади, - деди ўзини Самариддин, деб таништирган ҳайдовчи. Самариддиннинг айтишича, MyTaxi билан бошқа турдош ширкатлар орасида катта фарқ бор: - MyTaxi ҳар куни ҳар бир таксичининг умумий олган заказидан тушадиган пулнинг 10-15 фоизини олади. MyTaxi бугунги кунда ҳайдовчилардан энг кўп фоиз ечиб оладиган компания – 15 фоизгача! Яндекс.Таксида баллига қараб 7-10 фоиз олишади, ишчиларига бонуслар берилади. MyTaxi ҳайдовчисининг иддаосича, ширкат раҳбарияти Яндекс.Такси билан рақобатга дош бера олмаяпти ва барча оғирликни ҳайдовчилар зиммасига юклаб қўймоқда. - Қайси программани Ўзбекистонда Интернетда очманг Яндекс.Такси рекламаси чиқиб қолади. Яндекс.Такси бошида роса арзон бўлди, одам йиғди, кейин нархларни кўтариб қўйди, лекин ишчиларига бонус беради, ишлашга имкон яратади. MyTaxi эса нарх-навоси арзон, ҳайдовчилар улардан олинадиган фоизни туширишни илтимос қилса ҳам улар кўнмаяпти. Шу сабабли MyTaxiдан кира ҳақини озгина кўтариш ва биздан олинадиган фоизни туширишни талаб қилиб, биз 17-18-19-20 август кунлари умумий бойкот эълон қилдик. Заказларини олмасликка қарор қилдик ва бошқа ҳайдовчиларни ҳам шунга чақирамиз. Ўзини ҳурмат қилган, меҳнатини қадрига етадиган, ўзини мулкини эҳтиёт қилиб асрайдиган ҳайдовчилар иш ташлашга қўшилдилар, деди Самариддин. Маълум бўлишича, бугунги кунда MyTaxi ва Яндекс.Такси агрегаторларидан ташқари Ўзбекистон пойтахтининг ўзида Millenium, Alyans, GoTaksi каби 20 яқин такси ширкатлари мавжуд.