Бош вазир Георгий тасмаси ўрнига Ўзбекистон байроғини оммалаштиришни буюрди HD
Бош вазир Георгий лентаси оммалашиб бораётганини танқид қилди. Худди шунга ўхшаш акцияни ўзимизда кенг оммалаштириш кераклигини айтди. Telegramдаги "Олтин воҳа" канали хабар қилган бу маълумотни бошқа маҳаллий нашрлар ҳам эълон қилди. Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов 24 апрелда ўтказган селектор йиғилишида Хотира ва қадрлаш кунини муносиб кутиб олиш билан боғлиқ масалалар юзасидан топшириқлар берди. "Фейсбукда Ўзбекистон байроғи акс этган челленж уюштириш, бунда Шаҳзода, Райҳон каби санъаткорларни жалб этиш топшириғи берилди. Фақат эстрада вакиллари эмас, спортчилар, сўз усталари, зиёлилар ҳам бу акцияга қўшилиши кераклиги айтилди. Умуман, пропаганда машинасини тўла ишлатиш топшириғи берилди", дейилган хабарларда. Бош вазир топшириғига кўра, 100 минг нусхадан зиёд Ўзбекистон миллий байроғи акс этган ленталар чиқарилиб, тарқатилади. "Бу тадбир расмий тадбир эмас, меҳр билан, виждонан халқни бирлаштирадиган акция бўлиши керак", – деган Бош вазир А. Арипов. Маълумотларга қараганда, шу кунда Ўзбекистонда 878 нафар уруш қатнашчиси яшаяпти. Уларнинг ҳар бирига 7,5 миллион сўм нақд пул берилажаги, ҳар бирига патронаж ҳамшира бириктирилажаги айтилган селектор йиғилишида.