Абдулла Арипов Каримовни ишсизлик ва аёллар муаммоларига эътибор бермаганликда айблади HD
Ўзбекистон Бош вазири Абдулла Арипов хотин-қизларни иш билан таъминлаш масаласида собиқ президент Ислом Каримов юритган сиёсатни танқид қилди. Бу танқид Абдулла Ариповнинг 22 декабрь куни президент ҳузуридаги Давлат бошқаруви академиясида Хотин-қизлар қўмитасининг ҳисобот-сайлов конференциясида қилган маърузаси пайтида янгради. "… дангаса эмиш.." Озодликка етиб келган аудиотасмада Абдулла Арипов 50 дақиқадан кўпроқ вақт давомида¸ асосан¸ Ўзбекистондаги хотин-қизларнинг бандлик муаммолари ва уларга ечим топиш йўллари ҳақида гапиради. У Ўзбекистон ҳукумати хотин-қизлар муаммоларига ҳозирга қадар етарли эътибор қаратмаганини эътироф этди¸ айни пайтда¸ Ислом Каримов номини тилга олгани йўқ. Айни пайтда¸ унинг "дангасалар" иборасини тилга олгани Каримов сиёсатига очиқча эътироз билдириш сифатида қабул қилинмоқда. - Ишлаш учун бошқа давлатга кетиши нима учун? Чунки биз шу ерда шароит қилиб беролмаганмиз. Имкон қилиб берилмаган. Топган гапимиз шу бўлди "чет элга ишлашга кетган одам дангаса" эмиш. У ҳолда, дангаса бўлмаган одамга мана шу ерда иш таклиф қил. Кейин - бу бошқа гап, - дейди Абдулла Арипов жумладан.