Мирзиёев даврида давлатнинг ташқи қарзлари ошди
Жорий йилнинг биринчи ярми ҳолатига Ўзбекистоннинг ташқи қарзи қарийб 16 миллиард долларни ташкил этмоқда. Яъни Ислом Каримов давридагига нисбатан анча ортган. Ҳозир ташқи қарзимиз ЯИМнинг қарийб 40-45 фоизига яқинлашиб қолди. Иқтисодчи Абдусаттор Ҳайдаровнинг "Элтуз" нашрига билдиришича, мамлакатда модернизация жараёни давом этаркан, ташқи қарзларнинг ошиши табиийдир. “Импорт таркибида машина ва асбоб-ускуналар улуши ортаётгани мамлакатни модернизациялаш жараёни билан боғлиқ, – дейди А.Ҳайдаров. – Четдан келтирилаётган қурилиш материаллари кўпайганига сўнгги вақтларда бу соҳада иш ҳажми кескин ортгани сабабдир. Озиқ-овқат импортидаги асосий товарлар эса ун ва шакар, шунингдек, цитрус мевалар бўлиб турибди”. Унинг фикрича, ривожланаётган давлатларда ислоҳотларнинг дастлабки босқичида импортнинг экспортдан ортишини табиий қабул қилиш керак. Чунки агар мамлакат модернизациялаш жараёнига жадал киришса, ривожланган давлатлардан илғор технология ва асбоб-ускуналарни кўпроқ сотиб олишга мажбур бўлади. “Ҳамма гап мана шу модернизациялашнинг қанчалик тез самара беришида. Акс ҳолда давлатнинг ташқи қарзи ортиб боради ва бир кун келиб бу бюджетнинг имкониятларини чеклаб қўяди”, дейди иқтисодчи “Элтуз” билан суҳбатда. Марҳум президент Ислом Каримов Ўзбекистоннинг ташқи қарзи камлиги билан мақтанишни ёқтирарди. Масалан, 2014 йилнинг декабрь ойида у аниқ рақамларни келтирмаган бўлса-да, мамлакатнинг ташқи қарзи ЯИМнинг 15 фоизидан ошмаслигини айтганди. Бугун маълум бўляптики, аслида ўтган узоқ йиллар давомида Ўзбекистонда иқтисодий ривожланишнинг ўзи бўлмаган. Коррупция, авторитар бошқарув тизими туфайли хорижий давлатлар ва халқаро молия ташкилотлари мамлакатга қарз беришдан ўзини тийиб келган. Иқтисодчи А.Ҳайдаровнинг таъкидлашича, бугунги кунда халқаро ҳамжамиятнинг мамлакатга муносабати ижобий томонга ўзгарган. “Бу вазиятдан имкон қадар унумли фойдаланиб, модернизациялаш самарасини ошириш керак. Акс ҳолда ташқи қарзимиз кўпайиб, унинг иқтисодиётга тушаётган юки оғирлашиб бораверади. Биз тезроқ ташқи савдода мутаносибликни таъминлашимиз ёки ижобий сальдога эришишимиз керак”, деди А.Ҳайдаров.