МХХ қамоғидаги Абдуллаевнинг онаси Мирзиёевдан ўғлини ҳимоя қилишда ёрдам сўради HD
Қарийб уч ойдан буён Тошкентдаги МХХ тергов изоляторида қолаётган журналист Бобомурод Абдуллаевнинг онаси, 69 ёшли Гавҳаржон Мадаминова Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевдан ўғлини судда ҳимоя қилишда ёрдам сўради. 5 декабрь куни Фейсбукда эълон қилган видеомурожаатида Мадаминова давлат тўнтаришига уринишда айбланаётган ўғли адвокатсиз қолаётганини айтди. Гавҳаржон Мадаминова президентга мурожаатида ўғли устидан тергов жараёни ўтган ой охирида тугагани, ўғли адвокат ҳимоясига мухтож эканини таъкидлади. - Ўғлим устидан тергов иши 29 декабрда тугабди. Тергов иши адвокатсиз тугади. Уни энг оғир жазо кўзда тутиладиган айб, давлат тўнтаришида айблашмоқда. Менинг боламни ҳимоя қиладиган адвокат бўлмаса, адвокатни киритишмаса, бир марта ёнига кирган адвокатни унинг иши билан таништиришмаса, бу иш адвокатсиз якунланса, болам ўзини судда қандай ҳимоя қилади? - дейди Гавҳаржон Мадаминова. Ўзбекистонда конституциявий тузумни ағдаришга уринганликда айбланаётган журналист Бобомурод Абдуллаевни 14 декабрь куни ўша пайтдаги адвокати Сергей Майоров бориб кўрган эди.