Тожикистонда машҳур ошпазнинг жанозаси унинг жасадисиз ўқилди HD

19.04.2020
Тожикистоннинг Сўғд вилояти Шаҳристон туманида халқ орасида “Шодмони Тануркабоб” номи билан машҳур бўлган ошпаз Шодмон Ражабовнинг жанозаси марҳумнинг жасадисиз ўқилди. Бу ҳақда Озодлик радиоси тожик хизматига 14 апрель куни жанозада иштирок этган айрим шахслар маълум қилди. Жанозада марҳумнинг жасади бўлмагани одамларни ҳайратга солибгина қолмай, балки 62 ёшли Шодмон Ражабов коронавирусдан ўлгани тўғрисидаги шубҳаларни ҳам кучайтирди. Аввалроқ айрим оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқларда “Шодмони Тануркабоб” коронавирусдан ўлгани тўғрисида хабарлар пайдо бўлган эди. Сўғд вилоят Соғлиқни сақлаш бошқармаси Шодмон Ражабов ўлимини тасдиқлади, аммо ўлимга коронавирус эмас, сил касаллиги сабаб бўлганини билдирди. Сўнгги кунларда машхур ошпаз Жаббор Расулов туманидаги Деҳмой қишлоғидаги сил касалликлари шифохонасида даволанаётган эди. Соғлиқни сақлаш бошқармаси расмийси Ражабовнинг барча оила аъзолари соғ-саломат эканлигини таъкидлади. Жаноза марҳумнинг жасадисиз ўқилганини Озодлик радиоси тожик хизматига шаҳристонликлар маълум қилди. Ўз номини сир сақлашни илтимос қилган шаҳристонликлардан бирининг айтишича, жаноза намозини ўқиш 11 апрель соат 14га белгиланган эди. “Жуда кўп одам келди. Лекин жасад солинган тобут кўринмади. Кейинроқ маълум бўлишича, марҳумни эрталабки соат 10да Деҳмой қишлоғидаги касалхона ходимлари дафн қилиб бўлишган экан”,-деди суҳбатдош. Яна бир шаҳристонлик эса, Шодмон Ражабовнинг жасадини врачлар полиэтилен қопга солиб дафн қилишганини айтди.

Похожие видео